Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан ҳар йили турли мактаб-интернатлар, шифохоналарда хайрия тадбири ўтказиш анъана тусини олган. Хайрия тадбирлари давомида юзлаб ўзгалар парваришига муҳтож болаларга меҳр улашилади, совға-саломлар берилади. Улар учун том маънода ҳақиқий байрам шоуси ташкил этилади.
Жорий йилда ҳам бу анъана кенг кўламда давом эттирилди. Ана шундай хайрия тадбирининг дастлабкиси Тошкент шаҳар Яшнобод туманида жойлашган 272-мактабгача таълим ташкилотида ташкил этилди. “Бизнинг болалар – бахтли болалар” шиори остида ўтказилган тадбир давомида мазкур таълим муассасасида тарбияланаётган 90 нафар болажонлар чин маънода байрам нафасини ҳис қилишди.
Тадбир давомида болажонлар учун куй-қўшиқлар ижро этилди, кўнгилочар цирк томошалари кўрсатилди. Болажонлар турли мультфильм қаҳрамонлари билан мириқиб рақсга тушишди. Шеър айтиш, расм чизиш мусобақаларида ўз иқтидорини намойиш этишди.
Тадбир сўнггида болажонларга кийим-кечаклар, совға-саломлар тақдим этилди.