«Вақф» хайрия жамоат фондининг Фарғона вилояти филиали саховатли халқимизнинг ҳомийлигида Қўштепа тумани Ғиштмон маҳалласида яшовчи эҳтиёжманд ёш оилага катта ёрдам беришди. Бахтсиз ҳодиса туфайли буткул ёниб кетган мазкур оиланинг уй-жойи қайта қурилибгина қолмасдан, тўлиқ жиҳозлаб ҳам берилди.
Мазкур уй-жойни ўз эгаларига топшириш маросимида Қўштепа тумани ҳокими А.Абдуллаев, «Вақф» хайрия жамоат фонди ходимлари М.Қосимов ва Б.Қирғизов, маҳала фуқаролар йиғини мутасаддилари иштирок этди. Янги уйни қабул қилиб олган оила ўз хурсандчилигини изҳор этиб, фонд ва ҳомийларга миннатдорлик билдиришди. Шу ерда юртимиз, халқимиз тинчлик-фаровонлигини сўраб дуойи хайрлар қилинди.
Бир оиланинг мушкулини аритган, уларга хурсандчилик улашган барча ҳомийлардан, беминнат кўмакчилардан Аллоҳ таоло рози бўлсин!