"Мурувват карвони" акцияси доирасида хайрия юклари Андижон томон йўлга чиқди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги "Вақф" хайрия жамоат фонди томонидан "Мурувват карвони" лойиҳаси доирасида Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Навоий, Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё вилоятлари ва Тошкент шаҳрида хайрия юклари тарқатилган эди.

 

Бугун, 25 январь куни «Вақф» хайрия жамоат фонди томонидан “Мурувват карвони”нинг навбатдаги хайрия юклари Андижон вилояти томон йўлга чиқди.

 

Ушбу вилоятда хайрия тадбирлари жорий йилнинг 26 январь куни Андижон шаҳрида ташкил этилиши режалаштирилган. "Вақф" фондининг юк автомашинасида ногиронлар учун аравалар, озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечаклар, диний-маърифий китоблар ва бошқа зарурий буюмлар ушбу вилоят томон йўлга тушди.

 

Маълумот учун, “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан Андижон вилоятида истиқомат қилувчи имконияти чекланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни қўллаб-қувватлаш мақсадида юборилмоқда.

 

Бунда, 20 дона ногиронлик аравачаси, 500 кг шакар, 550 литр ёғ, "Расулуллоҳ рамазонда" аудио диски, Ҳазрати Қусам ибн Аббос-Шоҳизинда, Тафсири Ирфон (19-22 жуз), (22-25 жуз), (26-28 жуз) сингари китоблар ўрин олган.

 

Қуйидаги фотолавҳаларда Фонд раҳбарияти ҳамда ходимларининг хайрия юкларини тақсимлаш жараёнини кўришингиз мумкин.

 

Эслатиб ўтамиз, ҳозирги кунда Фонд томонидан “Илмга кўмак берамиз”, “Малҳам”, “Никоҳ тўйлари”, “Рўзғор”, “Эҳтиёжмандларга кўмак”, “Обод хонадон”, “Оби-ҳаёт” каби акциялар амалга ошириб келинмоқда. Сиз ҳам ушбу хайрли ишларга ўз ҳиссангизни қўшинг!

“Вақф” фонди хайру эҳсонларингизни ўз эгаларига етказишда очиқлик ва холисликни кафолатлайди. Маблағларни шаффофлик асосида ҳақдорларга етказилаётганини vaqf.uz сайти орқали кузатиб боринг!

 

Сиз ҳам ҳиссангизни қўшинг: ➡️ http://vaqf.uz/uz/promote

 

"Вақф" хайрия жамоат фонди Матбуот хизмати

25 Январь, 2019 йил | 1542