24 январь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фондининг ўтган йилдаги бажарилган ишлари ва 2019 йилги режаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси, “Вақф” хайрия жамоат фонди, фонднинг вилоят бўлимлари раҳбарлари, “Олтин мерос” фонди вакиллари ҳамда мамлакатимиздаги зиёратгоҳ ва қадамжолар масъул ходимлари иштирок этди.
Тадбир Қуръони карим тиловати ва эзгу дуолар билан бошланди.
Дастлаб “Вақф” фонди раҳбари Искандар Халилов 2018 йилда амалга оширилган ишлар тўғрисида ахборот бериб ўтди:
– “Вақф” фонди 2018 йил 16 апрелда муҳтарам Президентимизнинг ташаббуслари билан ташкил этилган бўлиб, ўтган 9 ойда жуда кўп хайрли ишлар амалга оширилди. Фонд ҳисобига келиб тушган жами маблағлар миқдори 48 млрд. сўмни ташкил этди. Мазкур маблағлар кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам бериш, ногиронлиги бор шахсларга аравачалар тарқатиш, масжид-мадрасаларни обод этиш ва талабаларнинг ўқув контрактларини тўлаб бериш кабиларга сарфланди. Жумладан, масжид ва мадрасаларни таъмирлаш учун 147 млн. сўм, ногиронлар ва кўзи ожизлар жамиятларига 35 млн. сўм, ижтимоий ҳимояга муҳтож 711 нафар фуқароларга жами 1 млрд. 91 млн. 603 минг сўмдан ортиқ молиявий ёрдам кўрсатилди.
“Илмга кўмак берамиз” хайрия акцияси доирасида 39 нафар диний таълим муассасалари талабаларининг 161 млн. сўмлик ва олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ижтимоий ҳимояга муҳтож 145 нафар талаба ёшларнинг 1 млрд. 244 млн. сўм миқдоридаги ўқув шартнома пуллари тўлаб берилди.
Фонд раҳбари жисмоний имконияти чекланган ва ётоқ ногиронларига 195 дона ногиронлик аравачалари топширилгани, “Мурувват карвони” акцияси доирасида энг чекка ҳудудлардаги ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларига жами 630 млн. сўм хайрия қилинганини билдирди.
Фонд томонидан амалга оширилаётган яна муҳим тадбирлардан бири юртимиздаги кўзи ожиз, кар – соқов каби ногирон аҳоли қатламига алоҳида эътибор қаратилиб, ҳар ойда хайрия дастурхонлари ташкил этиб келинмоқда. Шунингдек, ушбу қатлам вакилларининг диний эҳтиёжларини таъминлаш мақсадида кўзи ожизларга брайл Қуръонлари, кар-соқовлар учун “сурдо” таржимонлар орқали онлайн тарзда жума маърузаларини эшитиш имкониятлари таъминланмоқда.
Бундан ташқари фондга мурожаат қилган 1526 нафар кам таъминланган, бемор ва ёрдамга муҳтож оилаларга ҳам хайрия маблағлари ва озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди.
Йиғилишда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим Иномов фонднинг ҳар бир ҳудудий вакиллари ўз фаолиятига танқидий баҳо бериши зарурлиги, аҳоли ўртасидаги ночорларнинг мавжуд муаммоларини аниқлаш ва ҳал қилиш, кўмакка муҳтожларга ёрдам кўрсатиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиб, амалиётга жорий этиши зарурлигини таъкидлади.
Фонд ҳудудий бўлимлари ва зиёратгоҳлар томонидан йўл қўйилган камчиликлар ва фойдаланилмай қолган имкониятлар таҳлил қилинди. Шунингдек, Фонд фаолиятини янада кенгайтириш, тушумларини кўпайтириш ва тушаётган маблағларнинг сарфланишидаги шаффофликни таъминлаш масалаларига алоҳида урғу қаратилди.
“Вақф” фонди фаолияти ва режаларига бағишланган видеолавҳа ҳам намойиш этилди.
Тадбирда 2019 йилда амалга ошириладиган хайрия тадбирлари ва фонд фаолиятини янада такомиллаштириш учун муҳим вазифалар белгилаб олинди.
“Вақф” хайрия жамоат фонди матбуот хизмати