“Вақф” фонди имом-хатибларни фаолликка чақирди

Куни кеча, 26 январь куни Андижон вилоятида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фондининг ўтган йилдаги ишлари ва галдаги режаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда вилоятдаги барча масжидлар имом-хатиблари иштирок этди.

“Вақф” фонди раҳбари Искандар Халилов 2018 йил 16 апрелда муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан “Вақф” фонди ташкил этилгани, ўтган 9 ой давомида фонд ҳисобига келиб тушган маблағлар кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам бериш, ногиронлиги бор шахсларга аравачалар тарқатиш, масжид-мадрасаларни обод этиш ва талабаларнинг контрактларини тўлаб бериш кабиларга сарфлангани тўғрисида маълумот бериб ўтди.

Фонд раҳбари вақф тушунчасини кенг ёйиш ва Фонд фаолиятини кенг тарғиб этиш борасида диний соҳа ходимлари олдида турган вазифаларни бирма-бир санаб берди.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Андижон вилоятидаги вакили, бош имом-хатиб Нуриддин домла Холиқназаров “Вақф” фондининг хайрия ишларида барча имом-хатиблар фаол иштирок этишлари ва Фонднинг фаолиятини кенг қулоч ёйишида ҳамма ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиши зарурлигини таъкидлади. Шунингдек, у “Вақф” фондининг мазмун-моҳиятини кенг халқ оммасига тушунтириш ва мўътабар манбаларда келтирилган вақф масаласини баён қилишга катта эътибор қаратиш зарурлигини алоҳида қайд этди.

“Вақф” фонди фаолияти ва режаларига бағишланган видеолавҳа намойиш этилди.

Барча имом-хатибларга иш фаолиятида қўл келадиган диний-маърифий китоблар жамланмалари тарқатилди. Шунингдек, айрим имом-хатибларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида, уларнинг фарзандлари учун қишки кийимлар улашилди.

Тадбирда имом-хатиблар сўзга чиқдилар. Жумладан, Андижон вилояти Бўз тумани бош имом-хатиби Абдулаҳад Тожибоев “Вақф” фондининг ташкил этилиши ва кенг кўламда фаолият олиб бораётгани жуда катта тарихий воқеа бўлгани, ушбу Фонднинг фаолиятини ривожлантириш учун барча имом-хатиблар муносиб ҳисса қўшишга жидду жаҳд қилишларини билдирди.

 

“Вақф” хайрия жамоат фонди матбуот хизмати

27 Январь, 2019 йил | 1498