Андижонда “Сиз бизга кераксиз!” хайрия тадбири ўтказилди

Юртимизда ногиронлиги бўлган шахсларни жамиятга қўшиш, уларни тўлақонли ҳаёт кечиришлари учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Улар билан учрашувлар ва суҳбатлар ташкил этилмоқда.

Куни кеча, 27 январь куни ҳам Андижон шаҳридаги “Имоми Аъзам” жоме масжидида вилоят истиқомат қилаётган имконияти чекланган фуқаролар, эшитиш ва гапириш қобилияти чекланган 600 нафарга яқин фуқаролар учун “Сиз бизга кераксиз!” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди. Тадбирда эшитиш ва гапириш қобилияти чекланганлар эътиборга, эҳтиромга ҳақли экани, меҳр-оқибат кўрсатиш, қалбларга илиқлик улашиш ҳар бир инсоннинг бурчи эканига алоҳида урғу берилди.

Ушбу ўтказилган тадбирга “Вақф” хайрия жамоат фонди бошқарув раҳбари Искандар Халилов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Хотин-қизлар бўлими мутахассиси Мунира Абубакирова ва Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Андижон вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби Нуриддин Холиқназаров иштирок этди.

Тадбирга сурдо таржимонлари ҳам жалб қилинди.

Тадбирда сўзга чиққанлар томонидан Юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, эришилаётган ютуқлар, Президентимиз томонидан халқа фаровонлиги, юрт тинчлиги йўлида амалга ошираётган ишлар, хусусан Ислом асл инсонпарварлик дини экани йўлида қилинаётган барча хайрли ишлари тўғрисида кенг маълумотлар берилди.

Ташриф буюрганлар ичида тўғри йўлдан адашиб, кейин ҳидоят топган кишилар ҳам иштирок этди. Шу нуқтаи назардан, Ислом динининг мазмун-моҳияти, инсонпарварлик ғоялари ва меҳр-мурувватга доим буюриши тўғрисида ҳам сўз юритилди.

“Вақф” хайрия жамоат фондининг мазмун моҳияти ва унинг инсонлар ҳаётида тутган ўрни, келгусида ҳар бир вилоятдаги ҳамма учун қулай бўлган марказий масжидларда имконияти чекланган фуқаролар учун сурдо таржимони ёрдамида жума мавъизаларини онлайн ташкил қилиш каби режалари тўғрисида маълумотлар берилди.

Тадбир сўнгида барча иштирок этган имконияти чекланган фуқароларга “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан рўзғор учун керак бўладиган буюмлар ва диний-маърифий адабиётлар тарқатилди. Шунингдек, “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан эшитиш ва гапириш қобилияти чекланган шахсларга озиқ-овқат маҳсулотлари, тозаловчи кукунлар ва ўқув қуроллари улашилди.

Тадбирда ўзларининг миннатдорчилиги ва дил изҳорларини айтишлик учун сўзга чиққан фуқаролар томонидан ҳам уларга кўрсатилаётган бундай меҳр ва мурувватдан кўнгиллари кўтарилганлиги, Президентимиз ва бошқа мутасаддилар томонидан амалга оширилаётган хайрли ишлар бардавом бўлишини Аллоҳ таолодан сўрадилар.

Тадбиран кейин вилоятдаги кўр, кар, соқов бўлган, жисмоний нуқсони бўлган ногирон 6 нафар кишиларнинг уйларига бориб, уларнинг ҳолидан хабар олинди.

Хайрия тадбирларида жами 101 миллион сўмлик хайрия совғалари тақдим қилинди.

Келгусида шундай диний-маърифий тадбирлар юртимизнинг бошқа вилоят ва шаҳарларида манзилли ўтказилиши режалаштирилди.

 

"Вақф" хайрия жамоат фонди Матбуот хизмати

28 Январь, 2019 йил | 1540