“Вақф” хайрия жамоат фонди раҳбари Искандар Халилов жорий йилнинг 21 февраль куни Бухоро вилоятининг Қоравулбозор туманида янги қурилаётган жоме масжид тамал тошини қўйиш тадбирида иштирок этди.
Бухоро вилояти Қоровулбозор туманидаги янги жоме масжидга йирик муҳаддис Абдуллоҳ ибн Муборак номлари берилди. Жоме масжид пойдеворига биринчи тамал тошини Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари яхши тилак ва хайрли дуолари ила қўйиб бердилар. Муфтий ҳазратлари ушбу масжид мўмин-мусулмонлар эҳтиёжи, ёшлар тарбияси йўлида катта хизмат қилиши, бундай улуғ савобли ишга ҳисса қўшган вилоят ва туман ҳокимликлари ҳамда мутасаддилари ҳаққига дуолар қилдилар. Янги жоме масжид қурилиши тез орада якунланиб, мўмин-мусулмонларимиз ихтиёрига топширилишини Аллоҳ таолодан сўрадилар.
Айтиш мумкинки, ушбу туманда шу кунга қадар бирорта ҳам масжид йўқ эди. Янги жоменинг қурилиши ҳудуд аҳолиси учун жуда катта хурсандчилик ва тарихий воқеа бўлди.
Маросимда уламолар, маҳалла фаоллари ва мўйсафид отахонлар ҳам иштирок этдилар. Шунингдек, уламолар, нуронийлар ва эзгу ниятда йиғилган қалби пок инсонлар ҳам бирин-кетин пойдеворга ғишт қуйдилар.
"Вақф" хайрия жамоат фонди Матбуот хизмати