“Вақф” фонди Рамазон ойида 1,8 миллиард сўмлик закот ва хайрия маблағларини ҳақдорларга етказди. Рамазон ойида юртимиз мўмин-мусулмонларининг хайру эҳсонларини муҳтожларга етказиш мақсадида, “Вақф” хайрия жамоат фонди бир қанча хайрия тадбирлари ташкил этилди. Рамазон ойида ташкил этилган юзлаб саховат тадбирларида қарийб 1,8 миллиард сўмлик закот ва эҳсонлар улашилди.
Шундан, закот маблағлари ҳисобидан 263 нафар муҳтож инсонларга 405 миллион 730 минг сўм улашилди. Мамлакатимиз масжидларига 118 миллион сўмлик китоб тақдим этилди. Хайрия маблағлари ҳисобидан 173 миллион сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари кам таъминланган ва ногиронлиги бўлган шахсларга тарқатилди.
Диний таълим муассасалари талабаларининг тўлов-шартномалари, масжид, мадраса ва зиёратгоҳлар, руҳий касалликлар шифохонаси учун 440 миллион сўм атрофидаги маблағлар сарфланди.
Фонднинг 14 та ҳудудий филиаллари томонидан Рамазон ойи давомида қарийб 700 миллион сўмлик закот ва хайриялар 6 мингга яқин ҳақдор инсонларга етказилди.
Аллоҳ таоло улуғ ойда юртимиз мўмин-мусулмонларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг оғир кунларида кўмакчи бўлиш мақсадида, қўли очиқ инсонларнинг қилган эҳсонларини Ўз даргоҳида ҳусни қабул айласин.
Аллоҳ азза ва жалла Ўзининг Каломида эҳсон қилувчиларга ваъда беради: “Албатта, Аллоҳ бир зарра миқдорида (ҳам бировга) зулм қилмагай, Агар (ўша миқдорда) яхшилик бўлса, уни (бир неча баробар) кўпайтирур ва Ўз ҳузуридан улуғ мукофот (жаннат) ато этур” (Нисо сураси, 40-оят).
"Вақф" хайрия жамоат фонди Матбуот хизмати