“Вақф” фондига мурожаат қилган ижтимоий кўмакка муҳтож кишилар орасида ногиронлиги бўлган шахслар кўпчиликни ташкил этади. Фондга аризаси билан мурожаат қилган фуқаролардан бирининг мурожаати барчани ўйга толди.
Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани Мирзатўп қишлоғида истиқомат қилувчи фуқаро Раҳимов Зокиржон кўп фарзандли оиланинг ёлғиз боқувчиси, ўзининг фарзандлари ва оиласи бўлишига қарамай биринчи ва иккинчи гуруҳ ногирони бўлган икки опаси ва 96 ёшли кўзи ожиз момосини ҳам парвариш қилмоқда. Уларнинг қалбларига шодлик улашиш ва ҳаётдан мамнун бўлиб яшашлари учун Раҳимов Зокиржон бор бисотини беришга тайёр экан. Афсуски, катта оиланинг сарф-харажатлари ҳам катта бўлади. Шу сабаб Раҳимовлар оиласи шу кунга қадар тор, эски ва зах хонадонда яшаб келарди.
Ўтган йил охирида Раҳимов Зокиржон “Вақф” фондига ёрдам сўраб мурожаат қилган эди. Фонд унинг аризасини инобатга олиб икки ногирон опа-сингил ва ёши улуғ кўзи ожиз онахон учун Фонд томонидан 3 хонали шинам ва ёруғ янги хонадон қуриш учун маблағ ажратди.
28 апрель куни “Вақф” фонди раҳбари Искандар Халилов, Қашқадарё вилояти вакиллиги билан биргаликда фонд маблағлари ҳисобига қуриб битказилган ушбу хонадонни топшириш мақсадида Чироқчи тумани Мирзатўп қишлоғига бордилар.
Мўътабар она ва кўнгли ярим опа-сингилларнинг кўзларидаги қувонч ва юзларидаги мамнуният йиғилганларнинг ҳам қалбларига хурсандчилик улашди.
Фонд раҳбари янги хонадон соҳибларини қутлаб, уларнинг ҳақларига дуолар қилди.
Муборак Рамазон ойи арафасида “Вақф” хайрия жамоат фонди барчаларигизни юқорида тилга олган улуғ ажру савобли ишларда ҳамкорлик қилишга чорлаб қолади.
“Вақф” хайрия жамоат фонди Матбуот хизмати