"Вақф" хайрия жамоат фонди томонидан бугунги кунда юртимиз аҳолисининг кам таъминланган, ногиронлиги бўлган қатламини ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича кўплаб амалий ишлар бажариб келинмоқда. Фонд томонидан илм талабида бўлган талабаларга ҳам моддий кўмак кўрсатилмоқда.
Имконияти чекланган, эшитиш ва сўзлаш билан боғлиқ ногиронлиги бўлган кишилар учун "Сурдо Ўзбекистон" лойиҳаси амалга оширилди. Ушбу лойиҳа доирасида мамлакатимиздаги йигирмага яқин жоме масжидларда жума маърузаларини имо-ишора тилида намойиш этиш йўлга қўйилди.
Жорий йилдан бошлаб Фонд ташаббуси билан Тошкент шаҳридаги "Кўкалдош" ўрта махсус ислом билим юртида имконияти чекланган инсонлар учун Қуръони карим ва тажвид, араб тили курслари ташкил этилди. Ушбу курслар "Вақф" фонди ҳомийлиги остида ташкил этилган бўлиб, имконияти чекланган кишилар унда бепул тарзда ўқитилмоқда.
Илм олиш имкониятининг яратилиши, Қуръони каримни имо-ишора тили ҳамда брайл ёзувида ўқишни ўрганаётган юртдошларимизнинг қалблари қувончга тўлмоқда. Улар ўзларининг илм олиш учун яратилган имкониятлар учун миннатдорликларини изҳор этмоқдалар.
Аллоҳ таоло бошланган хайрли ишларимизни бардавом қилсин, Ўзининг розилигига эриштирадиган амалларни бажаришни насиб айласин.
"Вақф" хайрия жамоат фонди Матбуот хизмати