Сурхондарёда масжидларга Қуръон нусхалари ва ҳақдорларга закот маблағлари тарқатилди.

Аллоҳ таоло Ўзининг Каломида "Садақани ошкора қилсангиз қандоқ ҳам яхши. Агар махфий қилсангиз ва фақирларга берсангиз, бу сиз учун яхшидир. Сиздан гуноҳларингизни ювади. Ва Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир", дея марҳамат қилади (Бақара сураси, 271-оят). Шундай экан Аллоҳ таолонинг амрига бўйсуниб, эҳсонпарварлик хусусиятимизни янада ривожлантиришимиз зарур.

 

Жорий йилнинг 21 июль куни Сурхондарё вилояти Термиз шаҳридаги Имом ат-Термизий жоме масжидида ногирон ва кам таъминланган инсонлар иштирокида йирик хайрия тадбири ташкил этилди. Ушбу хайрия тадбирида Фонд бошқарув раҳбари Искандар Халилов иштирок этди.

 

«Вақф» хайрия жамоат фонди томонидан Сурхондарё вилоятига қарийб 15 миллион сўмлик хайрия қилинди. Бунда 30 оилага мўлжалланган озиқ-овқат маҳсулотлари, 6 дона ногиронлар аравалари ҳақдорларга етказилди. Шунингдек ушбу тадбирда 10,5 млн сўм закот маблағлари кам таъминланган, яшаш шароити оғир инсонларга берилди.

 

 

Бундан ташқари, Сурхондарё вилоятида фаолият юритувчи масжидларга Фонд томонидан 111 дона Қуръони карим топширилди. Ушбу хайрли ишларнинг бардавом бўлиши ҳамда саҳоватпеша инсонларнинг саҳоватларининг янада зиёда бўлишини тилаб дуои хайрлар қилинди.

 

"Вақф" хайрия жамоат фонди матбуот хизмати

22 Июль, 2019 йил | 1436