Аллоҳ таоло Ўз Каломи Қуръони каримнинг Тавба сураси, 18-оятида масжидларни обод қилувчилар ҳақида шундай марҳамат қилади: “Албатта, Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирганлар, намозни тўкис адо этганлар, закотни берганлар ва Аллоҳдан бошқадан қўрқмаганларгина обод қилурлар. Ажаб эмаски, ана ўшалар ҳидоят топгувчилардан бўлсалар”.
Юқоридаги оятдан кўриниб турибдики масжидларни обод қилиш улкан ажру савобли амаллардандир. Мана шундай эзгу ниятларни амалга оширишда кўмакчи бўлган Вақф хайрия жамоат фонди ёрдами билан Фарғона вилояти Қувасой туманида яна бир масжид янгидан қад ростламоқда. Туманнинг Суфон қишлоғида жойлашган "Суфон" жомеъ масжиди биноси узоқ йиллардан бери эски ва яроқсиз ҳолатга келиб қолган эди. Фонднинг бошқарув раиси Искандар Халилов бошчилигидаги ишчи гуруҳ мазкур масжидга ташриф буюрди ва қурилиш жараёни билан танишиб фонд томонидан имкон даражасида кўмак берилишлигини билдирди. Бундан хурсанд бўлган отахонлар хайрли дуолар қилишди.
"Вақф" хайрия жамоат фонди томонидан ушбу масжид ҳисоб рақамига “Масжидлар” акцияси доирасида 10 000 000 (ўн миллион) сўм миқдорида моддий ёрдам берилди. Бундан ташқари саҳоватпеша ҳомийлар кўмагида масжидга қурилиш махсулотлари тақдим этиш режалаштирилди.
Таъкидлаб ўтиш лозимки, фонд ташкил этилгандан то бугунга қадар, Республикамиз бўйлаб ўндан ортиқ янги масжид бино бўлишига ҳамда ўттизга яқин масжидларнинг таъмирланишига моддий ёрдам кўрсатилиб келинмоқда.
Ҳадиси шарифлардан бирида Пайғамбар алайҳиссалом: “Ким Аллоҳ учун какликнинг тухумларини қўядиган еричалик бўлса ҳам, масжид бино қилса, Аллоҳ унга жаннатда уй қуриб беради” деганлар. (Имом Аҳмад ривояти)
Аллоҳ таоло бизларни масжид бино қилишга буюрганидек, масжидларни обод қилишга ҳам буюрган ва бу ишни иймоннинг аломатларидан бири қилиб қўйган. Қолаверса, масжид бино қилиш садақаи жорий бўлиб, кишининг вафотидан кейин ҳам савоби бориб туради.
Азиз саҳоватпеша ватандошлар Вақф хайрия жамоат фонди сизларни Аллоҳнинг ер юзидаги уйларини обод қилишда ҳамкорлик қилишга чорлаб қолади.
"Вақф" ҳайрия жамоат фонди Матбуот хизмати