Бугун мамлакатимизда дунё бўйлаб тарқалган “Коронавирус” пандемияси туфайли юзага келган оғир вазиятни енгишда халқ ва жамият бирлиги намоён бўлмоқда. Муҳтарам Президентимизнинг шахсан бошчиликларида мавжуд эпидемиологик вазият назоратга олинган бўлиб, зарурий барча чоралар кўрилмоқда. Албатта, бу офат юртимизда жиддий талофатларсиз бартараф этилади. Мана шундай синовли дамларда мамлакатимизнинг барча фуқаролари бир бўлиб, бир халқ бўлиб, елкама-елка туришлари бағоят аҳамиятлидир.
Амалга оширилаётган хайрли тадбирларни қўллаб-қувватлаш ва мавжуд мураккаб даврда халқимизнинг эҳтиёжманд тоифаларига кўрсатилаётган инсонпарварлик ёрдамига ҳисса қўшиш мақсадида Дин ишлари бўйича қўмита жамоаси аъзолари якдиллик билан бир кунлик иш ҳақини коронавирусга қарши курашда ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларга кўмаклашиш учун таъсис этилган «Ўзбекистон меҳр-шафқат ва саломатлик» жамоат фондига беғараз ёрдам тариқасида ўтказиб беришди.
Фурсатдан фойдаланиб, жойларда хизмат вазифаларини сидқидилдан бажараётган шифокорларимиз ва ўз соҳаларининг мутасаддиларига ирода ва матонат ҳамда уйида ўтириб, офат занжирини узаётган юртдошларимизга сабр, бардош ва итоат тилаймиз!
Дин ишлари бўйича қўмита жамоаси