Файзу баракот ойи бўлган Рамазон ойининг сўнги кунлари ўтиб бормоқда. Бу кунларни ғанимат билган кишилар баданий ибодатлар билан бир қаторда хайрия ишларини ҳам кўпроқ бажаришга жидду жаҳд қиладилар.
Зеро, Ислом – меҳр-мурувват динидир. Инсонларга моддий кўмак бериш, уларнинг оғирини енгил қилиш, қалбларига хурсандчилик киритиш каби амаллар динимизда кенг тарғиб этилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам «Аллоҳ таоло фарзларидан кейинги севимли амал мусулмоннинг қалбига хурсандчилик киргизишдир», деганлар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан карантин даврида халқимизнинг оғирини енгил қилиш, мушкулларини бироз бўлсада аритиш, дилларига хушнудлик олиб кириш мақсадида кўплаб хайрия ишлари олиб борилаётганидан хабарингиз бор.
Ана шундай файзли айёмларда хайрия ишларини янада кенгайтириш мақсадида, “Вақф” хайрия жамоат фонди республикамиз бўйлаб ҳар бир худуддаги 1000 дан ортиқ ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга "Рамазон ҳайити туҳфаси"ни улашишни бошлади.
21 май куни “Вақф” фонди томонидан тайёрланган қарийб 1,1 млрд. сўмлик Рамазон ҳайити туҳфалари ортилган 14 та юк автомобиллар карвони республикамизнинг 14 та ҳудудига йўл олди. Хайриялар ортилган автокарвон ўлкамизнинг барча туманлари бўйлаб сафарга чиқиб, ҳар бир вилоятда камида мингтадан қарийб 15 минг муҳтож оилаларга озиқ-овқат маҳсулотларини Рамазон ҳайити байрами арафасида тарқатади.
Ушбу улуғ кунларда сахий, қўли очиқ инсонлар меҳр-мурувват кўрсатиш билан қалби ўксик кишилар дилларига қувонч бағишлашлари катта савобли иш экани алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Саховатпеша кишиларни Аллоҳнинг рахмати зиёда бўлган кунларда мана шундай кенг кўламли хайрия тадбирларида ҳамкорлик қилишга чорлаймиз. Шундай улуғ савобли ишга ҳисса қўшганларни Жаноби Ҳақ таоло ўз ваъдасига мувофиқ улуғ ажрлар билан мукофотлайди.
"Вақф" хайрия жамоат фонди матбуот хизмати