Президент: Бепарволик пандемияга қарши барча ишларимиз натижасини йўққа чиқариши мумкин

Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида 26 май куни инвестиция масалалари муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши аввалида мамлакатимизда коронавирус пандемиясига қарши кураш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилди. Давлатимиз раҳбари, жумладан, шундай деди:

– Кейинги кунларда коронавирус билан касалланганлар сони республикамизда ҳам кўпайганлиги қайд этилмоқда.

Айтиш керакки, аксарият ҳудуд ва корхона раҳбарлари, фуқароларимиз карантин чораларининг юмшатилганини “касаллик тугади” деб, нотўғри қабул қилмоқдалар.

Бугунгача чет элдан олиб келинган фуқароларимиз сони 47 мингтани ташкил этмоқда. Афсуски, уларнинг, айниқса кейинги икки ҳафта давомида кириб келганларнинг аксариятида коронавирус аниқланган.

Беморларнинг қарийб 50 фоизини ҳам хориждан келган фуқаролар ташкил этади.

Кейинги 10 кунда 3,5 минг одам ҳаво йўллари, 7 мингга яқин ватандошимиз чегара постлари орқали юртимизга кириб келиши кутиляпти. Бунга қўшимча яна 100 минг нафардан ортиғи Ўзбекистонга қайтиш истагини билдириб, навбат кутмоқда.

Фуқароларимиз қайтиб келаётган давлатлар ҳамда қўшни мамлакатлардаги вазиятнинг оғирлигини ҳисобга олиб, хотиржамликка берилиш мумкин эмас.

Айниқса, бозорлар, савдо комплекслари, банкларда ижтимоий масофага амал қилмаслик, кўча-кўйда тиббий ниқоб тақмаслик, бемалол ва хотиржам бўлиб, уйларда турли тадбирлар ўтказиш ҳолатлари кўпаймоқда.

Бундай салбий ҳолатлар касалликни аниқлаш, олдини олиш ва даволаш учун қилаётган барча ҳаракатларимиз, бюджетдан олинаётган триллионлаб харажатларимиз натижадорлигини йўққа чиқариши мумкин.

Республика комиссияси вилоят ҳокимлари билан бирга бир кун муддатда эпидемиологик вазият ёмонлашган ҳудудларнинг тоифасини қайта кўриб чиқсин ҳамда карантин чораларини кучайтириш бўйича таклиф киритсин.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги “қизил” ва “сариқ” ҳудудларда кунлик тест олиш сонини ошириши лозим. Бунда тиббиёт муассасалари, бозорлар, банклар ва аҳоли кўп жойларда назорат тестлар олишни кўпайтирсин.

Шу ўринда бир муҳим масалага эътиборни қаратмоқчиман. Пандемиянинг иқтисодиётга таъсирини юмшатишга қаратилган 16 та ҳужжат қабул қилдик. Лекин жойларда ушбу қарорлар ижросини ташкил этиш оқсамоқда, яратилаётган шароит ва имтиёзларни фуқаролар ва тадбиркорларга манзилли етказа олмаяпмиз.

Олий Мажлис палаталари жойларда халқ депутатлари кенгашлари билан бирга пандемияга оид Президент қарорлари ва топшириқлари ижроси юзасидан парламент ва кенгашларнинг таъсирчан назоратини йўлга қўйиш кутилган натижа бериши мумкин.

Шунингдек, туман, шаҳар, вилоят ҳокимлари, вазирлар ҳар ойда бир марта Президент қарорлари ижроси бўйича брифинг ўтказиб, оммавий ахборот воситалари, парламент вакиллари ва кенг жамоатчилик олдида ҳисобот бериб борсин.

Албатта, карантин чораларини юмшатиш туфайли 19 мингдан зиёд (91 фоиз) саноат, 9 мингта (76 фоиз) қурилиш, 51 мингта (52 фоиз) хизмат кўрсатиш, 45 мингта (44 фоиз) савдо корхоналарининг фаолияти тикланди.

Бунинг натижасида май ойида солиқ ва божхона тушумлари ўтган ойнинг мос даврига нисбатан 230 миллиард сўмга, товар-хом ашё биржасида қурилиш материаллари савдоси ҳажми эса 20 фоизга кўпайди.

Тижорат банклари томонидан кредит ажратиш ҳажми ўтган ойнинг мос даврига нисбатан 13 фоизга ўсди.

Бу борадаги ишларимизни карантин талабларига қатъий амал қилган ҳолда, ҳам тармоқ, ҳам ҳудуд кесимида манзилли тарзда давом эттиришимиз лозим.

 

Манба: prezident.uz

27 Май, 2020 йил | 927