Халқимиз меҳробда туриб одамларга намоз ўқиб берган кишини, у хоҳ кичик бўлсин, хоҳ катта бўлсин бирдек ҳурмат қилишга ўрганган. Бу ҳам меҳроб ва у ерда турадиган кишининг халқимиз наздидаги мартабасини кўрсатиб турибди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Олимлар пайғамбарларнинг меросхўридир”, деб марҳамат қилганлар. Демак, меҳробда туриб имомлик қилган, инсонларга ваъз-насиҳат қилган, уларни яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарган киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меросхўри экан.
Коронавирус пандемияси туфайли қатор чекловлар жорий этишга тўғри келди. Масжидларда ўқиладиган жамоат намозлари вақтинча бекор қилингани эвазига баъзи иқтисодиёт тармоқлари қатори масжидлар тушумларига ҳам салбий таъсирини кўрсатмоқда. Карантин сабаб масжидлар фаолияти вақтинчалик тўхтатилган бўлсада, имом-хатиблар, имом-ноибларнинг фаолияти бир зумга тўхтагани йўқ. Улар томонидан оммавий ахборот воситалари ва интернет тармоқлари орқали марузалари, онлайн дарслар, қорилар томонидан Хатми Қуръонлар қилинди, “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан амалга оширилган хайрия тадбирларини амалга оширишда амалий кўмак кўрсатиб келинди.
“Вақф” хайрия жамоат фондининг асосий вазифаларидан бири – масжидлар ва зиёратгоҳлар ходимларини, хусусан имом-хатиблар, имом ноиблари, мутаваллилар, муаззинларни моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлашликдир.
“Вақф” хайрия жамоат фонди Республикамиздаги даромади паст бўлган масжидларнинг 2124 нафар имом-хатиблари ва имом-ноибларига карантин даврида қўллаб-қувватлаш мақсадида 1 млрд. 62 млн сўмлик моддий ёрдам берилди.
Масжид имом-хатибларнинг жамият руҳий-маънавий ҳаётида ўзига хос ўрни бор. Имом масжид қавми маънавий тарбияси, одоб-ахлоқ, барча инсоний фазилатлар билан зийнатланишида уларга асосий кўмакчи ва холис хизматчидир. Имом бор вужуди, ихлоси билан икки дунёда саодат аҳлидан бўлишлари йўлида, уларни юксак одоб-ахлоқ, чиройли амалларни қилишга, адолатли ишларга, фойдали илм-маърифат ўрганишга, инсоний маданият ютуқларидан ижобий суратда истифода этишга, ҳар бир кишини ота-она, оила, фарзанд, қавм-қариндош, жамият аъзолари ўртасида тинч-тотув, дўстлик, ўзаро ҳурмат ва муҳаббат руҳида яшашга чорлайди.
Аллоҳ таоло юртимиз ва бутун дунёдан бу касалликни кўтарсин. Бунинг ортидан битмас туганмас яхшиликларни ато этсин. Жаннатмакон юртимиз кишиларини ҳам, имон-эътиқодли, покиза, ҳиммати баланд ва шижоатли бандаларидан қилсин!
"ВАҚФ" хайрия жамоат фонди матбуот хизмати