“Вақф” хайрия жамоат фондининг тасарруфидаги зиёратгоҳлар ва қадамжолар фаолиятини ташкил этиш

Аллоҳга шукрки, мамлакатимизда коронавирус касаллиги билан боғлиқ вазият ижобий томонга ўзгариб бориши баробарида ҳудудларни «яшил», «сариқ» ва «қизил» тоифага ажратилган ҳолда карантин мезонлари юмшатиб борилмоқда.

Халқимиз пандемия шароитида меҳнат қилиш ва яшаш шароитига аста-секин ўрганмоқда. Республика махсус комиссияси хабарида карантин талабларига амал қилиш асосида айрим фаолият турларига рухсат берилди. Жумладан, масжидлар 2020 йил 8 июндан бошлаб фақат «яшил» ҳудудларда фаолиятини бошлаш чоралари кўрилиши эълон қилинди.

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 28 майдаги “Коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини камайтириш учун ички туризм соҳасини қўллаб-қувватлашга доир кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ 6002-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида 2020 йилнинг 9 июнь кунидан бошлаб туман-шаҳарлар кесимида “яшил” ва “сариқ” тоифадаги ҳудудларда “Вақф” хайрия жамоат фонди тасарруфидаги зиёратгоҳлар ва қадамжолар иш фаолияти йўлга қўйилди.

- ҳар бир зиёратчи тиббий ниқобда бўлиши, зиёратгоҳларга киришда дезинфекциялаш воситаларидан фойдаланиши;

- зиёратгоҳларга ташриф буюрган ҳар бир шахснинг тана ҳароратини текшириш, тана ҳарорати 37ºС ва ундан юқори бўлган шахсларни алоҳидалаш ва тез тиббий ёрдамга хабар бериш;

- таҳоратхонадан фақат зарур шароитлар яратилган (бир марталик сочиқ-салфетка, антисептик воситалар, суюқ совинлар билан таъминлаш, қисқа муддатларда дезинфекция қилиш) ва ижтимоий масофа сақланган (1,5-2 метр) ҳолларда фойдаланиш;

- зиёратгоҳларда қўл бериб ёки қучоқлашиб саломлашишни тақиқлаш;

- зиёратгоҳлар бинолари ва ҳудудини ҳар куни дезинфекция қилиш, хоналарни шамоллатиш;

- зиёратгоҳларнинг кириш ва чиқиш жойларида, зиёратгоҳ ҳудудидаги мақбаралар, қабрлар ва бошқалар олдида кўп сонли зиёратчиларнинг тўпланишига йўл қўймаслик ҳамда ижтимоий масофа сақланган (1,5-2 метр) ҳолда зиёратларни ташкил этиш;

- зиёратгоҳ ходимлари ва кўнгиллилардан ёрдамчи гуруҳлар тузилиб, улар томонидан зиёратгоҳлар ҳудудида карантин талабларига риоя этилишини назорат қилиш ишларини ташкил этилишини таъминлаш каби тавсиялар жорий этилади.

Зиёратгоҳлар фаолияти ҳудудлар тоифалари ўзгаришига қараб, мувофиқлаштирилиб борилади. Хусусан, ҳудудга “қизил” тоифа берилишига кўра ундаги зиёратгоҳлар фаолияти вақтинчалик тўхтатилади. Республика ҳудудларини «яшил», «сариқ» ва «қизил» тоифага ажратилишидаги ўзгаришлар расмий матбуотда эълон қилиб борилади.

https://vaqf.uz/uploads/5fb0723a-5d0d-1339-cf09-c0bf805f1e75_gallery_35.jpg

Маълумки, ҳозирги кунда бутун дунё аҳли каби биз ҳам коронавирус пандемияси билан боғлиқ мушкул вазиятни бошимиздан ўтказмоқдамиз. Ҳали хотиржамликка ўрин йўқлигини таъкидлаган ҳолда карантин қоидаларига қатъий амал қилиш шартлигини яна бир бор таъкидлаймиз.

Ўз навбатида, Аллоҳ таоло Қуръони каримда инсонларни синовли кунларида сабр-қаноатли бўлишга даъват этиб, “Албатта, қийинчилик билан бирга енгиллик ҳам бордир”, деб марҳамат қилганини эслатиб ўтишни зарур, деб биламиз.

 

"Вақф" хайрия жамоат фонди матбуот хизмати.

10 Июнь, 2020 йил | 1086