“Қирққизсаройи”га “Вақф” фонди жавобгарми?

Шу йилнинг 17 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг расмий madaniyat.uz сайтида "Қирқ қиз саройи" архитектура ёдгорлиги юзасидан муносабат билдирилди. Ушбу муносабат “Вақф” хайрия жамоат фонди масъуллари томонидан атрофлича ўрганиб чиқилди. Шу ўринда баъзи саволлар туғилиши табиий. Жумладан, “Қанча тарихга гувоҳ бўлган маданий мерос объекти қачон шу аҳволга келган?”, “Вақф” фондига топширилгунга қадарми ёки кейинми?”, “Объект ҳақиқатдан ҳам “Вақф” фондига белгиланган тартибда топширилганми?”, “Вақф” фонди ташкил этилишидан олдин объект қандай аҳволда эди?”, Маданий мерос ёдгорликларини балансида сақловчи ташкилот сифатида Сурхондарё вилоят Маданий мерос бошқармаси объектни сақлаш учун йиллар давомида нима иш қилди?” каби ўринли саволлар пайдо бўлади.

vaqf.uz
vaqf.uz
vaqf.uz

Тўғри, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 28 августдаги “Муқаддас зиёратгоҳ ва қадамжолардан фойдаланишни янада такомиллаштириш ва улардан самарали фойдаланиш тўғрисида”ги 708-Ф-сонли фармойиш ижроси юзасидан Сурхондарё вилоятидаги 16 та зиёратгоҳ ва қадамжоларни, жумладан, “Қирқ қиз саройи” архитектура ёдгорлигини “Вақф” фондига бириктириш юзасидан 2018 йил 24 декабрда 1064/18-сонли ижара шартномаси расмийлаштирилган. Ушбу шартнома асосида тузилган “Объектни топшириш – қабул қилиш далолатномаси”га кўра, 2862 м2да жойлашган объектнинг 30,25 м2 лик майдони, яъни объектнинг атиги 5% “Вақф” фондининг Сурхондарё вилоят филиалига фойдаланиш учун топширилиши лозим эди. Бироқ, амалда объектнинг ушбу қисми ҳам Маданий мерос бошқармаси мутасаддилари томонидан “Вақф” фонди филиалига белгиланган тартибда ва фойдаланишга яроқли ҳолатда топширилмаган. Шартнома муддати 2019 йил 31 декабрда тугаган ва объект авария ҳолатда бўлганлиги сабабли 2020 йилда бу борада шартнома тузилмаган.

vaqf.uz

2019 йил 18 октябрда Вазирлар Маҳкамасининг 881-сон қарори билан “Моддий маданий мерос объектларидан фойдаланиш тартиби тўғрисида”ги Низом тасдиқланди. Ушбу Низомнинг 6-бандида “Ҳудудий бошқарма 7 иш куни мобайнида фойдаланишга бериш таклиф этилаётган давлат мулки ҳисобланган объектни жойига чиқиб ўрганади ва объектдан фойдаланиш мақсадга мувофиқлиги ёки фойдаланиш мақсадга мувофиқ эмаслиги ҳақида хулоса тайёрлайди”, деб белгиланган. Низомнинг 7-бандида эса, “Ҳудудий бошқарма объект авария ҳолатида объектнинг техник ҳолати бўйича тузилган далолатнома асосида объектдан фойдаланиш мақсадга мувофиқ эмаслиги ҳақида хулоса бериши лозимлиги” кўрсатиб ўтилган.

Шу ўринда яна бир савол туғилади: узоқ йиллар давомида авария ҳолатига келиб, инсон ҳаёти учун хавфли бўлган объектни балансда сақловчи ташкилот бошқа ташкилотга фойдаланиш учун топшириши мумкинми? Энг қизиғи, топшириш мумкин бўлмаган объектни “Вақф” хайрия фонди қандай қилиб фойдаланиш учун қабул қилиши мумкин? 

Объектдан фойдаланиш бўйича шартнома тузмаган, уни белгиланган тартибда қабул қилиб олмаган ва таъмирлаш ваколатига эга бўлмаган “Вақф” фондига Сурхондарё вилоят Маданий мерос бошқармаси томонидан таъмирлаш ишларини олиб бориш бўйича хатлар чиқаришнинг қандай маъноси бор?

Қабул қилиб олинмаган архитектура ёдгорлигини реставрация ва консервация қилиш бўйича лойиҳа смета ҳужжатларини тайёрлаб, Маданий мерос департаменти билан келишилган ҳолда таъмирлаш ишлари олиб бориш қайси ташкилотнинг вазифаси?

“Сувдан қуруқ чиқиш” учун “Вақф” фондига хатлар бериб қўйганлигини даъво қилаётган Сурхондарё вилоят Маданий мерос бошқармаси “мутасаддилари”нинг виждони ушбу ҳолатни қандай қабул қилар экан? Қўшимчасига 2020 йил 15 июнь куни “Вақф” хайрия жамоат фондига учинчи маротаба мурожаат хати йўлланганини маълум қилишига нима дейиш мумкин?

 

2018 йилда Муҳтарам Юртбошимиз ташаббуси билан йиллар давомида йўқолиб кетган “вақф” мулкчилиги тизими қайта тикланди. Эзгу ниятлар билан ташкил этилиб, юртимиздаги диний маърифий соҳани янада ривожлантиришга кўмаклашиш, ёрдамга муҳтож аҳоли,ногирон шахслар ва боқувчисини йўқотган оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида кенг кўламли хайрли ишларни олиб бораётган "Вақф" фондини обрўсизлантириш кимга ва нима учун керак бўлиб қолди экан?

Хулоса ўзингиздан!

19 Июнь, 2020 йил | 1587