Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. Унга зулм ҳам қилмайди, уни ташлаб ҳам қўймайди. Ким биродарининг ҳожатини раво қилса, Аллоҳ унинг ҳожатини раво қилади. Ким бир мусулмоннинг ташвишни аритса, Аллоҳ унинг Қиёмат кунидаги ташвишларидан бирини аритади. Ким бир мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ Қиёмат кунида унинг айбини беркитади», дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.
“Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан “Обод хонадон” акцияси доирасида фуқароларимизга яшаш шароитларини яхшилаш, хусусан уйларини қуриш, таъмирлаш ишларига кўмак кўрсатилмоқда.
Шундай хайрли ишлардан навбатдагиси Тошкент вилоятида амалга ошириляпти. Ҳомийлар ёрдамида янгидан қурилаётган 4 нафар мухтож оилаларга Фонд томонидан хонадонининг ички қисмини таъмирлаш учун қиймати 9 миллион сўмга яқин 200 дона гипсокартон қурилиш материали юборилди.
Акцияга ҳомийлик қилмоқчи бўлган ака-укаларимизни, мурувватли инсонларни Аллоҳ йўлида муҳтож инсонларга кўмак беришга ҳамда қурилиш-таъмирлаш ишларини савоб умидида амалга ошира оладиган усталарни ҳамкорликка чақирамиз!
"VAQF" хайрия жамоат фонд матбуот хизмати