Мустақиллигимиз абадий бўлсин !
Ватанимиз Ўзбекистон давлат мустақиллигига эришгандан буён тарих зарварақларига олтин сатрлар билан битилажак ислоҳотларга кўп бора гувоҳ бўлди. Ижтимоий ва иқтисодий ҳаётнинг барча жабҳаларида амалга оширилган ишларни санаб адоғига етмоқ душвор. Айниқса, диний соҳага, жумладан, ота-боболаримиз минг йиллардан буён эътиқод қилиб келган муқаддас Ислом динига қаратилган эътиборнинг юксак даражаларга кўтарилиб бораётгани барчамиз учун қувонарлидир.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 апрелдаги «Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ «Вақф» хайрия жамоат фондининг ташкил этилиши ҳам мана шу жараённинг натижасидир. Ушбу фонд масжидлар ва диний таълим муассасаларининг биноларини қуриш, таъмирлаш, реконструкция қилиш, диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчилари, мутахассислари ва ўқувчи-талабаларини моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, шу жумладан, имконияти чекланган шахсларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш каби бир қатор хайрли ишларни амалга ошириш орқали Ватанимиз тараққиёти, юртимиз фаровонлигига ҳисса қўшишни мақсад қилган.
Ўзбекистон Республикасининг мустақилликка эришганига 29 йил тўлиши муносабати билан “Вақф” хайрия жамоат фонди барча юртдошларимизни самимий муборакбод этган ҳолда, Аллоҳ таолодан юртимизга тинчлик-фаровонлик, хонадонларимизга хотиржамлик, меҳнатсевар халқимизга сиҳат-саломатлик тилаб қолади. Яратганнинг Ўзи бизни ёмон кўзлардан асрасин, тинчлигимизни бардавом қилсин. Хайрли ишларимизда Ўзи ҳамиша ёру мададкор бўлсин!
"VAQF" хайрия жамоат фонди матбуот хизмати !