Замзам қудуғи тарихи

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳозирги кунда муборак хаж сафарига борган ҳожиларимизга қониб ичиш насиб этаётган замзам сувининг қудуғи, Аллоҳ таоло ўз ҳалили Иброҳим (а.с.)нинг ўғли Исмоил (а.с.)нинг чанқоғини қондириш учун ундан сув чиқарган қудуқдир. Воқеа қуйидагича бўлган:  Иброҳим (а.с.) пайғамбар бўлганларидан сўнг ўз отаси ва  қавмини  ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга  чақирадилар.  Улар, у зотнинг сўзларига кирмайдилар ва ҳатто отаси Озар унга ғазаб қилиб: “Мени тинч қўй, бу борада менга қайтиб гапирма, бўлмаса ураман”, дейди.

Шунда Иброҳим (а.с.) ҳафа бўладилар ва   Макка шаҳрига хотини Ҳожар онамиз  ва ўғли Исмоил (а.с.)ларни олиб ҳижрат қиладилар. Маккага етиб келганда хотини ва ўғлини у жойда  қолдириб, ўзлари қайтмоқчи бўладилар. Шунда хотини Ҳожар онамиз: “Бегим, бу жойда сув ҳам, бирор егулик ҳам бўлмаса, бизларни ташлаб қаерга кетмоқчисиз, Ёки Аллоҳ таоло шунга буюрдими?”, деганида,  Иброҳим (а.с.) “Ха” деб жавоб берадилар.  Ҳожар онамиз эса: “Ундай бўлса кетаверинг, Аллоҳнинг ўзи бизни хор қилиб қўймайди”, деб у кишининг кетишларига рози бўладилар.

 Макка шаҳрида бирор дарё  ёки анҳор йўқ. Қолаверса, у пайтда хали замзам  ҳам чиқарилмаган эди. Табиийки, ёш Исмоил чанқайди. Меҳрибон она фарзандига сув қидириб,  “Сафо” тоғидан  “Марва” тоғи  томонга юриб боради. Сув йўқ. Онаизор сув топиб қолармикинман деган умидда  етти бор икки тоғ орасида уёқдан буёққа бориб келади. Аллоҳ таоло бу она-болага ўзи ёрдам қилиб, гўдак Исмоилнинг  ётган жойи, оёғи остидан сув чиқариб беради. Онаси келиб қараса, ўғлининг  оёғи остидан сув чиқиб, жилға бўлиб оқа бошлаган экан. Шунда Ҳожар онамиз сувга қараб: “Зам-зам” яъни, “Тўхта, тўхта”, дейди. Шу сабаб бу сувнинг номи “замзам”  бўлиб қолган.   Кейинчалик бу жойларга қабилалар кўчиб келган. Исмоил а.с. ҳаётлик чоғларида замзамнинг тасарруфи у кишининг қўлларида бўлган.                        Исмоил (а.с.) вафот  этгач, унинг ўғли Нобит, ундан кейин эса Журҳум қабиласи эгалик қилади. Вақт ўтиши билан Журҳум  қабиласи  Маккада зулмни бошлаб юборди. Каъба учун ҳадя қилинган нарсаларни ўзлари ейдиган бўлиб кетдилар. Уни кўрган Кинона ва Хузоъа қавмлари уларга қарши биргаликда  курашиб, Журҳум қабиласини Маккадан чиқариб юбордилар.  Журҳумликлар мағлуб бўлгач, биздан сўнг замзамни ҳеч ким топа олмасин деб,   ҳажарул-асвадни ҳам, мақоми Иброҳимни ҳам, замзамни ҳам кўмиб кейин чиқиб кетишади.

Улардан кейин ғолиб  Хузоа қабиласи Байтуллоҳга маълум муддат бошчилик қилди.  Бу қабиланинг сўнги вакили Хулайл ибн Каъб ибн Амр ал-хузоъий эди. Кейинчалик  пайғамбаримз (с.а.в)нинг бешинчи боболари Қусой  ибн Килоб  Хулайлнинг қизи Ҳуббога уйланади ва ундан тўртта фарзанд кўради.  Шундан сўнг, Қусойни мол-давлати  ва обрўси, мартабаси ортиб, қайнотаси Хулайлнинг вафотидан кейин Байтуллоҳга бошлиқ этиб тайинланади.

     Бу мутасаддилик унинг болалари Абдуманоф, Ҳошим, Абдулмуттолиб-ларга ўтиб келади.  Буларнинг барчаси “Байтуллоҳ”ни зиёратига келувчи ҳожиларга ўз даврларида мислсиз хизматлар кўрсатганлар. Ҳар йил маҳаллий аҳолидан маълум миқдорда маблағ йиғиб олар ва зиёратга келадиган ҳожиларни озиқ-овқат билан таъминлар эди.  “Рифода” - “ҳожиларни егулик билан таъминлаш” ва “Сиқоя” - “ҳожиларни сув билан таъминлаш” уларнинг      шарафли вазифалари эди.  Шу жойда, “Улар ҳожиларга қандай сув берганлар. Замзамми?” деган савол бўлиш табиий. Йўқ албатта. Чунки Журҳум қабиласи замзам қудуғини кўмиб ташлагандан то Абдулмуттолиб уни топиб, қайта чиқаргунича бўлган муддат орасидаги ҳожиларга Макканинг маҳаллий суви берилган. Аллоҳ таоло бу мўъжизавий қудуқни қайта очишни Абдулмуттолибга насиб этди. Дарҳақиқат  Абдулмуттолиб бу шарафли хизматга, таъбир жоиз бўлса, бундай улкан мукофотга лойиқ зот эди. Унинг  ўз қавми орасида тутган ўрни ва қилган ишлари алоҳида таҳсинга сазовордир. У ўзининг кучлилиги, ҳусни-хулқи билан Қурайш қабиласи ичида эътибор қозонган эди. Кунларнинг  бирида у каъбаи муаззаманинг соясида ухлаб ётганиди. Тушида биров келиб, унга замзамнинг кўмилган жойини  кўрсатади ва уни ковлашга буюради. У бу тушни тўрт бор такрор кўрганидан кейин, уни Раҳмоний туш эканидан ҳеч шак қилмай тушда кўсатилган жойни ковлаб, зам-зам қудуғини  топишдек бахтга сазовор бўлади. Шу билан Журҳум қабиласи кўмиб кетганидан сўнг IV аср давомида ном-нишонсиз йўқолган ва Жобир разияллоҳу анҳудан имом Аҳмад ва Ибн Можжалар ривоят қилган ҳадиси шарифда  Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам у ҳақида: “Замзам суви нима ниятда ичилса, худди шундай бўлади”, деб марҳамат қилган муборак ва шифобахш сув қудуғи Алҳамдулиллаҳ қайта топилади.                                                                    Аллоҳ таоло барчаларимизга байтуллоҳни такрор ва такрор зиёрат этиб, ушбу муборак замзам сувидан қониб-қониб ичиб, унинг файз-у баракотидан  баҳраманд бўлишни насиб айласин. Омийн.                                               

Тошкент ислом институти талабаси Аъзамов Баҳодир 

Бидояту сийратир росул”,“Қисосуннабиййин”, “Ирвоул ғалил фи тахрижи аҳодийси манор ассабил”, “Ассийра ан-Набавийя”“Оламларга раҳмат пайғамбар” 

китоблари  асосида  тайёрлади.

 
25 Сентябрь, 2020 йил | 1482