Сурхондарё вилоятида диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ишлар, хусусан масжидлар, муқаддас зиёратгоҳларда олиб борилган бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишиш, диний соҳа ходимлари, имом-хатиблар, жамоатчилик вакиллари билан учрашувлар бўлиб ўтаётгани ва унда “Вақф” хайрия жамоат фонди раҳбари Яҳё Абдураҳмонов иштирок этаётгани ҳақида хабар бериб ўтган эдик.
Халқимизда хайрли иш бошлашдан олдин азиз авлиёлар ва алломаларнинг абадий қўним топган жойларини зиёрат қилиб, уларнинг ҳаққига атаб дуо қилиш яхши урфга айланган. Аллоҳ таоло ўтганларнинг ҳаққига дуо қилувчи мўминларни мақтаб шундай дейди: “Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: “Эй, Раббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари имон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда имон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй, Раббимиз! Албатта, Сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан!” (Ҳашр сураси 10-оят).
Юртимиздаги зиёрат масканларини обод қилиш, зиёрат туризми соҳасини ривожлантириш, буюк алломалар ва мутафаккирлар ўтган муқаддас заминимизга маҳаллий ва хорижий зиёратчилар ташрифини ошириш мақсадида фонд томонидан бир қатор амалий ишлар бажарилмоқда.
Хусусан, Фонд раҳбари Яҳё Абдураҳмоновнинг Сурхондарё вилоятига ташрифи ҳам мана шундай хайрли иш билан бошланди, вилоятдаги муқаддас зиёратгоҳ ва қадамжоларга ташриф буюриб, зиёратгоҳлар раҳбарлари ва ходимлари билан учрашиб, ушбу масканларнинг бугунги ҳолати, уларда амалга оширилган ободонлаштириш ишлари, зиёратчиларга яратилган шароитлар билан танишди.
Ўтганларни яхшилик билан ёдга олишнинг бир кўриниши уларнинг қабрларини зиёрат қилишдир. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда шундай марҳамат қилганлар: “Мен сизларни қабрларни зиёрат қилишдан қайтарган эдим, энди зиёрат қилаверинглар. Чунки қабр зиёрати қалбни юмшатади, кўзни ёшлантиради ва охиратни эслатади. Лекин фаҳш-ёмон сўзларни сўзламанглар” (Имом Ҳоким ривоят қилганлар).
Муқаддас зиёратгоҳ ва қадамжоларни сақлаш, таъмирлаш, реконструкция қилиш, ободонлаштириш, бу масканларга маҳаллий ва хорижий сайёҳларнинг зиёратларини уюштириш, зиёратчилар учун зарур шароитлар яратиш ҳамда зиёрат билан боғлиқ маросимларни ўтказишларига кўмаклашиш, зиёратгоҳларда кузатиладиган динимизга зид амалларни бартараф этиш чораларини кўриш ва у ердаги ҳолатни доимий назоратга олиш, имом-хатиблар ва масъуллар томонидан мунтазам тушунтириш ишлари олиб бориш бўйича тегишли тавсиялар берилди.
"Вақф” хайрия жамоат фонди матбуот хизмати.