Аллоҳ таолонинг муқаддас Каломи “Тавба” сураси 60-оятида: «Албатта, садақалар (яъни закотлар) Аллоҳ томонидан фарз бўлган ҳолда, фақат фақирларга, мискинларга, садақа йиғувчиларга, кўнгиллари (Исломга) ошно қилинувчи кишиларга, бўйинларни (қулларни) озод қилишга, қарздор кишиларга ва Аллоҳ йўлида (яъни жиҳодга ёки ҳажга кетаётганларга) ҳамда йўловчи мусофирларга берилур. Аллоҳ билим ва ҳикмат соҳибидир», деб марҳамат қилинади.
Аввал хабар берганимиздек, “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан “Ғамхўр бўлайлик !” шиори остида амалга оширилган хайрия ишлари давом эттирилмоқда. Хайрия тадбири асосан юртимизнинг энг чекка ҳудудларида, Орол денгизи атрофида яшайдиган ёрдамга муҳтож оилаларнинг ҳолидан хабар олиш, уларни моддий-маънавий қўллаб-қувватлашни режалаштирилган.
Шу мақсадда, бугун 2 декабрь куни “Вақф” хайрия жамоат фонди рахбари Яхё домла Абдурахманов Қорақалпоғистон Республикасида хизмат сафарида бўлди. Сафар давомида “Ғамхўр бўлайлик!” тадбири доирасида “Вақф” хайрия жамоат фонди закот маблағлари ва Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти томонидан ҳомийларни жалб қилган ҳолда 62 млн. 475 минг сўмлик ун, гуруч, шакар, ёғ ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари Қорақалпоғистон Республикасидаги 500 нафар моддий ёрдамга муҳтож, кам таъминланган, ногирон, етим-есирлар ва боқувчисини йўқотган оилаларга берилди.
“Ғамхўр бўлайлик !” тадбирини давом эттириш мақсадида “Вақф” фонди рахбари ва Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти вакиллари чекка ҳудудлардан бири бўлган Мўйноқ туманига йўл олди.
“Вақф” хайрия жамоат фонди матбуот хизмати.