Илм Аллоҳнинг нури Расулуллоҳ суннатларидир. Динимиз илми ўрганиб уни улашишга тарғиб қилади. Аҳли илмлар, олимларимиз, дарс бериш билан машғул кишилар динимизда юксак эътироф этилади, уларнинг ҳурмати кўкларга кўтарилади.
“Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур” – (Мужодала сураси, 11-оят).
Исломда илм талаб қилиш, хусусан динда фақиҳ бўлиш учун илм ўрганиш фақат Аллоҳ таолонинг розилиги учун бўлади. Шундай қилган одам икки дунёнинг бахт-саодатига эришади. Бу дунёда ҳурмат-эҳтиром ила ҳаёт кечиради. Охиратда эса жаннати маъводан жой олади.
Диний таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари фаолиятини молиялаштириш, уларнинг профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчилари, мутахассислари ва ўқувчи-талабаларини моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Вақф” хайрия жамоат фондининг асосий вазифаларидан этиб белгиланган. Шу мақсадда Фонд томонидан Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ахборот-ресурс марказини керакли адабиётлар билан бойитиш мақсадида, 8 номдаги 1225 дона китоблар таълим жараёнида фойдаланиш учун тақдим этилди.
Шунингдек, диний таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабаларни илм олишларига ғайрат қилишлари, билимларини ошириш мақсадида Тошкент ислом институти томонидан “ФИҚҲ ва Фароиз билимлари” бўйича мусобақа ташкил этилди. 16 декабрь куни мусобақа ғолибларига рағбат ва қўллаб-қувватлаш сифатида "Вақф" хайрия жамоат фонди раҳбари Яҳё Абдурахманов томонидан эсдалик совғалари берилди.
Аллоҳ таоло юртимиз диний-илмий марказлари фаолиятини қўллаб-қувватлашни мақсад қилган мўмин-мусулмонларнинг қилган эҳсонларини Ўз даргоҳида ҳусни қабул айласин.
Аллоҳ барчаларимизни илм аҳлига яхшилик қилишда пешқадамлардан бўлишимизни, берадиган хайр-эҳсонларимизни ихлос ва чин дилдан ато этувчи саҳоватли инсонлар сафидан жой олишимизни насиб айласин.
“Вақф” хайрия жамоат фонди матбуот хизмати.