2020 йилда мамлакатимиз ва халқимиз оғир синовли кунларни бошидан ўтказди, бундай қийин дамларда халқимизнинг бирдамлиги, жипслиги, биргаликдаги саъй-ҳаракати ҳар қандай хатарни енгиб ўтишда асосий омил бўлимоқда.
Хайр-эҳсоннинг энг яхшиси бу қийинчилик ва муҳтожлик дамларида қилинганидир. Мана шундай эзгу мақсадда 25-30 декабрь кунлари “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан жорий йилдаги энг йирик хайрия тадбирлари бўлиб ўтмоқда. Хайрия хафталигининг илк кунида қуйидаги савобли ва хайрли ишлар амалга оширилди.
- юртимиздаги 57 та зиёратгоҳда Қуръон оятлари тиловат қилиниб, инсоният бошига келган бу хасталик ва синовларни даф бўлишини сўраб дуолар қилинди, қурбонликлар сўйилди.
- 10 та “Мехрибонлик”, “Мурувват” ва “Саҳоват” уйларида хайрия дастурхони тузалиб, ош тарқатилди. Ушбу ижтимоий муассасаларида яшовчиларни холидан хабар олиниб, уларга фойдаланиш учун хар хил турдаги 59 дона маиший техникалар тақдим қилинди.
- асосий эътибор ногиронлиги бор ва имконияти чекланган шахслар, ёлғиз кексалар, боқувчисини йўқотган ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга ғамхўрлик кўрсатиш, меҳр-оқибат, бағри кенглик муносабатларини янада ривожлантиришга қаратилди. 4300 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга 11 турдаги (жами 32 кг) озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.
Қилинган хайру эҳсонларни Аллоҳ ўз даргоҳида қабул қилсин.
Аллоҳ Таолонинг синовли кунларида хайру-эҳсон ва яхшилик улашиш ила Аллоҳнинг раҳматидан умидвор бўлган саховатли инсонлар ва барча мўмин-мусулмонларни эзгу ишларда ҳомийлик ва ҳамкорлика чорлаб қоламиз.
Зеро, Куръони Каримда “Залзала” сураси 7-оятида
"Бас, кимки (дунёда) зарра миқдорида яхшилик қилган бўлса, (қиёмат куни) уни кўрар” дейилган.
“Вақф” хайрия жамоат фонди матбуот хизмати.