Шу йил 8 февраль куни банк бошқарув раиси Чори Мирзаев ва Ислом тараққиёт банки гуруҳи таркибига кирувчи Хусусий тармоқни ривожлантириш бўйича Ислом корпорацияси (ICD) раҳбари Айман Амин Сежиний ўртасида онлайн кўринишда шартнома имзоланди. Бу ҳақда “Туронбанк” АТБ матбуот хизмати хабар берди.
– Сўнгги 4 йил давомида Ўзбекистон иқтисодиёти, айниқса, банк тизими халқаро ҳамкорлар билан ишлаш масаласида очиқлик ва шаффофлик тамойиллари асосида ривожланмоқда. Бунда Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 20 декабрдаги “Халқаро ва хорижий молия институтлари билан ҳамкорликнинг самарадорлигини янада ошириш чора – тадбирлари тўғрисида” ги ва 2019 йил 5 мартдаги “Ислом тараққиёт банки гуруҳи ва Араб мувофиқлаштириш гуруҳи жамғармалари билан ҳамкорликни янада кенгайтириш ва чуқурлаштириш чора – тадбирлари тўғрисида”ги қарори айни ислоҳотларга ҳуқуқий замин бўлиб хизмат қилмоқда, – дейди “Туронбанк” АТБ Бошқарув Раиси Чори Мирзаев. – Шунингдек, мамлакатимиз президентининг Олий Мажлисга мурожаатномасида ҳам “Ислом молиясининг ҳуқуқий асосларини яратиш вақти келди” деб айтган ташаббуси ушбу соҳанинг мамлакатимизда жуда муҳимлиги ва иқтисодиёт ривожида ўрни жуда юқорилидан дарак беради.
Хусусий тармоқни ривожлантириш бўйича Ислом корпорацияси раҳбари жаноб Айман Амин Сежинийнинг сўзларига кўра, бугун Ўзбекистон аниқ режа асосида тараққиётнинг янги босқичини бошдан ўтказмоқда. Деярли барча соҳаларда хориж тажрибаси асосида иш юритувини ташкил этиш, айниқса, иқтисодий тармоқнинг ривожланишида сезиларли ўзгаришлар амалга оширилаяпти. Ишбилармонларга яратилаётган шароитлар, мамлакатдаги кичик ва ўрта бизнес субъектларини молиялаштириш тизими такомиллашаяпти.
“Фикримнинг исботини бугун биз яқин ҳамкоримиз бўлмиш “Туронбанк”АТБ билан имзоланган муҳим ҳужжат ҳам исботлайди. “Ислом дарчалари” кўплаб ўзбек тадбиркорлари ва аҳолисининг қизиқишларини орттириб, молия муассасасига ҳам катта фойда олиб келишига ишонамиз. Ҳамкорлигимиз доирасида шариат талаблари асосида янги банк маҳсулотларини яратиш, мижозлар билан ишлаш, бу борада замонавий ахборот технологияларини жалб этиш, ходимларнинг айни йўналишдаги билимларини ҳам амалий ҳам назарий жиҳатда оширишга яқиндан кўмак беришга тайёрмиз. Зеро, бу орқали икки томонлама муваффақиятли ҳамкорлигимиз, стратегик шерикликнинг бир ифодаси сифатида ҳам гавдаланади”, – дейди Хусусий тармоқни ривожлантириш бўйича Ислом корпорацияси раҳбари жаноб Айман Амин Сежиний.
Дарҳақиқат, “Туронбанк” АТБда “ислом дарчаси”ни ишга тушиши ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш ва биргаликда қўшма лойиҳаларни рўёбга чиқаришга туртки бериши, шубҳасиз. Натижада банк томонидан аҳолига кўрсатилаётган хизматлар кўлами кенгайиб, тадбиркорлик ва кичик бизнесни жадал ривожлантириш, Ислом молияси тамойилларига асослаган чакана ва корпоратив маҳсулотларни таклиф этувчи инструментни яратиш имкони пайдо бўлади.
Маълумот учун, Туронбанк Хусусий тармоқни ривожлантириш бўйича Ислом корпорацияси билан 2019 йили Жидда шаҳрида 10 миллионн АҚШ долларлик “Кичик ва ўрта бизнес субъектлари лойиҳаларини молиялаштириш” тўғрисидаги шартномани имзолаган эди. Унинг доирасида кўплаб корхоналарнинг ишлаб чиқариш қувватлари оширилиб, янги иш ўринлари яратилди.
Эслатиб ўтамиз, юртимиздаги “Халқ” банки ва “Трансбанк”да “Исломий дарчалар”нинг очилиши ҳақида хабар берган эдик.
muslim.uz