Таклифларга бизнинг муносабатимиз

Хабарингиз бор, 13 октябрь куни «Вақф» хайрия жамоат фонди «Илм йўлида кўмак берамиз» акциясининг тақдирлаш маросими бўлган эди. Тақдирлашда қатнашган Абдулқодир Набиев фейсбук ижтимоий тармоқ орқали фондга ўз таклиф мулоҳазаларини билдирибдилар. Вақф фонди ушбу фикрларга қуйида савол-жавоб тарзида ўз муносабатини билдиради.

 

Абдулқодир Набиев: "Аллоҳнинг изни ила бугун тонгда «Вақф ҳайрия жамоат фонди»нинг, "Ёш қори ва қорияларни рағбатлантириш" тадбирида, тингловчи сифатида иштирок этдим.

Маросимни дуолари билан очиб берган шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари, "Фонд ҳақида танқид ва таклифларингизга муҳтожмиз", дедилар.

Эндигина эмаклашни бошлаган гўдакни юрмагани, югурмасдан судралгани учун маломат қилиш нодонлик. Амалий фаолияти бошланганига ҳали йил тўлмаган ташкилот аъзолари ва фонднинг ўзидан нуқсон қидиришдан йироқман. Аммо таклиф ва саволлар етарли.

1) Тунов куни бир укахон ҳамроҳлигида кетар эканмиз «Вақф» мавзуси очилди. Фонд ҳақида, «Вақф» нима экани тўғрисида Аллоҳ билдирганича айтиб эдим. Укахоннинг сўнгги саволига жавобни эса ҳалигача ўзим ҳам тўлиқ, мукаммал билмайман. "Ока, нега инкассатор мошина келиб, масжидларга қўйилган эҳсон қутисидаги пулни касса қилиб олиб кетвотти? Эндиям эҳсон қутисига пул ташивурими? Ҳамма пулни опкетиб қовурса, масжид ўз эҳтиёжларини қандай қондиради?".

У боланинг тилидан янграётган бу савол аслида ҳалқнинг, мусулмонларнинг қалбларидаги саволларнинг бир донаси халос. 

Жавобни тўлиқ билмасамда ҳайрдан тўсмаслик мақсадида "одатий эҳсонда давомий бўл", дегандек жавоб қилдим. Жавоб қилишга қилдимку лекин бу саволлар энди мани миямга кўчганди.

Сўроқлар хиралик қилавергач мир масжид мутаваллисидан шу ҳақида маълумот олдим. Айтишларича, инкассаторлар пулни тийинигача олиб кетаётгани рост. Аммо олинган пулни 25% «Вақф» ҳисобига, қолган 75% масжид ҳисоб рақамига тушуриб берилмоқда экан. Қониқмаган бўлсамда озгина бўлса ҳам ижобий жавоб олганимга хуморим босилди. Ҳарқалай ҳамма пулни "ухлатиб кетишмабди".

Шу мавзуни очиқлаб берилишини сўрайман".

Зоҳиджон Тўраев: Ўзбекистон мусулмонлари идораси уставига мувофиқ, масжидлар эҳсон қутиларига тушаётган пулларнинг 15% ҳудудий идорага (вакилликка), 10% Ўзбекистон мусулмонлари идораси маъмурий харажатларига, қолган 75% масжид маъмурий харажатларига йўналтирилиб келинган. 2018 йил 26 июлдаги мутасадди идоралар қўшма қарорига мувофиқ, Ўзбекистондаги барча масжидлар тушумлари “Вақф” хайрия жамоат фондининг “Масжидлар” хисоб варағига йўналтирилмоқда. Фондга келиб тушган маблағлар, аввалгидек, 15% ЎМИга, 10% ЎМИ вакиллигига ва қолганлари масжидларга уларнинг талабномалари асосида тўлаб бериш жорий қилинди. Хеч қандай ўзгартиришлар бўлган эмас, яъни давлат идоралари масжидлар пулларини сарфланишига хеч қандай аралашгани йўқ! Ҳаммаси аввалгидек!

Авваллари, ушбу қоида жорий қилинишигача, республиканинг бир қанча фаолият олиб бораётган қарийб 800 та масжидлари тушумлари етарли бўлмагани сабабли уларда хизматда бўлган имом-хатиблар, имом-ноиблар ва бошқалар ойлик маошларисиз иш олиб боришган, ёки “номига” энг кам иш ҳақининг бир баробари миқдорида ойлик маоши олишган ёки умуман олишмаган. Ҳақиқатдан ҳам, кўп масжидлардан умуман тушумлари йўқ ёки хафтасига 3000-10000 сўм, бир ойда эса 10000-100000 сўм тушумлари тушишини гувоҳи бўлдик (солиқ ва бошқа органлар назоратида қутилар очилган!). Бу вазиятда “кам таъминланган” масжидлар ходимларига имкон даражасида ўз иш фаолиятларини олиб боришга кўмаклашиш мақсадида “Вақф” хайрия жамоат фонди уларга камида 500 000 сўмдан ойлик маоши тўлаб беришни жорий қилди. Маълумки, фонд ҳали фаолиятини тўлиқ даражада олиб бориб ўз маблағларига етарлича эга эмас.  Ушбу вазиятда “яхши таъминланган” масжидларнинг  маъмурий харажатларини вилоят ва туман кесимида ўрганиб чиқиш, иложи борида улар харажатларини қисқартириш орқали тушумлари хисобидан иқтисод қилиб қолиб “кам таъминланган” масжидлар ходимларига ойлик маошлари ва бошқа харажатларини тўлаб бериш жорий қилинди. ИншаАллоҳ, “Вақф” хайрия жамоат фонди етарлича маблағларга эга бўлганида масжидларга уларнинг тушумларидан ташқари қўшимча моддий ёрдамлар кўрсатилиши режалаштирилган.

Айтиб ўтиш жоизки, авваллар масжидлар тушумларидан ўз харажатларидан ташқари мухтож фуқароларга ҳам ёрдам кўрсатиб келишган. Хозирга кунда эса, бундай ёрдам кўрсатиш бир қанча каттароқ кўламда шаффофлик асосида фонд томонидан йўлга қўйилди. Буни фонднинг vaqf.uz веб-сайти орқали кузатиш мумкин!

Юқоридагилардан кўриниб турибдики, ЎМИ, бошқа давлат идоралари, “Вақф”  хайрия жамоат фонди томонидан “ухлатиб кетиш” каби ибораларга ўрин йўқ! Бу каби тушунмовчиликларда ечим масжидлар томонидан тушунтириш ишлари олиб борилиши лозимлиги холос!

А. Набиев: "Таклифларим:

2) • Тарғиботни фақат китоб эмас, бошқа йўналишларига ҳам кўпроқ эътибор бериш

Аллоҳ раҳмат қилсин бир одам айтардилар: "Оч қоринга китоб каллага кирармиди?".

Одамлар кўргани ишониши бор. Тарғиботда эса фақат китоб мавзуси. Гўё вақф фақат китобларда бўлиши керакдек. Ҳарқалай инсонларда шундай таасурот ўрнашиб қолган".

З. Тўраев: “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан “Масжид ва мадрасалар учун китоб йиғиш” ва “Илм йўлида кўмак берамиз” хайрия акциялари жорий қилинган. Бугунги кунда “Малхам”, “Никоҳ тўйлари”, “Рўзғор” ва бошқа акциялар режалаштирилган ва жорий қилиш арафасидамиз. Фонд бу акцияларни жорий қилиб ижтимоий ҳимояга мухтож қатламларига кўмак бериш ва шу орқали фуқароларни “Фонд” билан таништиришдан иборат. 

Қайд қилинган акциялардан ташқари, фонд томонидан мехрибонлик уйлари, қариялар уйлари, кўзи ожизлар ва бошқа жамиятларга, мухтож фуқароларга ёрдам кўрсатиб келмоқда. Бу каби олиб борилган фаолиятимиз натижаларини vaqf.uz орқали кузатишингиз мумкин.

А. Набиев: 

3) • "Сон эмас сифат бўлсин

Юзта оилага майдалаб бергандан йигирма бешта оилага кўримлироқ масаллиқлар бериш керак".

З. Тўраев: “Вақф” хайрия жамоат фонди маблағларни ўз Йўриқномасига мувофиқ сарфлаб келмоқда. Бу масала бўйича ҳар-хил фикрлар мавжуд.

А. Набиев:  4) • Яқиндан танишиб, ўрганиб чиқиш учун вакиллар тайинлаш

Ҳар бир вилоятга ўша вилоятда муқим яшайдиган бир кишини, унга фонд ҳисобидан маош тайинлаб ишга олиш лозим. У вакил, ўша ердаги муҳтож оилалар шароитлари билан яқиндан танишиб, ҳақдор экан-эмасларини аниқлайди. Бу эҳсон ниятида берилган омонатларни ўз ўрнига етишида муҳим ҳисобланади.

З. Тўраев: Ҳар бир вилоятда фондга тушаётган аризаларни ўрганиш учун бир кишини тайинлаш масаласи оддий эмас. Чунки, вилоятларда туманлар оралиқ масофаси юзлаб километр, тайинланган киши битта аризани ўрганиб келиш учун қанча маблағ сарфланади?

Фонд томонидан вилоятларда филиаллар очилмоқда, йўриқномага мувофиқ ўрганилиши лозим бўлган аризалар хуқуқий жихатдан филиаллар зиммасига юкланади.

А. Набиев:

5)• Нақд пул ва кийим-кечак берилиши учун шароит яратиш

Юртимизда интернет орқали пул ўтказиш имкони йўқлар, пули бору имкони йўқлар кўплаб учрайди. Шунингдек гардироби тўла кийим аммо берадиган яқини йўқ одамлар ҳам кўп. Шундай кишиларга енгиллик яратиш, уларни жўнатмаларири қабул қилиш учун қабулхона ташкил қилиниши керак.

З. Тўраев: Таклиф учун раҳмат. Лекин бу режа фонд томонидан ишлаб чиқилган ва фонд бошқарувининг қарори билан Низоми ишлаб чиқилди, махсус хисоб рақами ҳам очилди ва жорий қилиш арафасида турибмиз.

А. Набиев: 6) • Занжир

Тарқатиш учун ҳарид қилинадиган китоб, гўшт, ёғ, картошка, кийим, ғишт, дори, в.к ларни энг аввало иши яхши юришмаётган, фаолиятини янги бошлаган савдогарлардан қилиш ўша тадбиркорга катта ёрдам бўлади. Бу эса, уни тез орада ўзини тиклаб, берувчи қўллар сафига қўшилишига сабаб бўлади иншааллоҳ. Биродарини қўллаш ислом одобларидан ҳам!

З. Тўраев: Тўғри, биродарини қўллаш Ислом одобларидан, лекин фонд “омонат” маблағларини бундай сарфлаш тўғри бўлармикин? Фонд томонидан янги ишга туширилаётган акциялар бошқарувчиларига сотиб олинадиган маҳсулотларни энг арзон нархларда, иложи бўлса ишлаб чиқарувчилардан сотиб олиш масаласи топширилмоқда.

А. Набиев:

7) • Ишчи ўрин яратиш

Оч одамга балиқ бергандан кўра қармоқ ҳадя қилган фойдалироқ.

З. Тўраев: Жуда тўғри. Янги иш ўринларини яратиш долзарб масала! ИншаАллоҳ, фонд маблағлари кўпайганида “вақф” обьектларини сотиб олиш, уларда янги иш ўринлари яратиш режалаштирилган.

А. Набиев:

8) • Савдо растаси ёки корхона очиш

«Вақф» бренди остида озиқ-овқат, кийим-кечак дўконлари, кафе ва маданий ҳордиқ жойлари очиш керак. Бу номни ўзи бепул реклама. Топилган фойда ва ишчи ўриндан «Вақф» учун тайёр вақф.

З. Тўраев: Таклифларингиз учун раҳмат, иншаАллоҳ шундай қиламиз ҳам.

А. Набиев: Албатта булар менинг ожизона фикрларим. Улардан энг манфаатлиси деб билганингизни эътиборга оласизлар деган умидим бор. Қолган қадрдонларимиздан ҳам фикр-мулоҳаза, таклиф ва шикоятларини кутиб қоламиз.

"Мўъмин мўъминга ойна кабидир".

 

«Вақф» хайрий жамоат фонди в.в.б.: Зоҳиджон Тўраев

17 Октябрь, 2018 йил | 2687