Танловга: «Биз учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламда гўзал ўрнак бор»

«Ва албатта сен - улуғ хулқдасан» деб марҳамат қилган Аллоҳ таолога чексиз ҳамду-санолар бўлсин. Бизларга эҳсон қилиш орқали жаннатнинг калитини қўлга киритишни ўргатган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саловат ва саломларимиз бўлсин.

    Ҳар бир дунёга келган мусулмон киши энг биринчи навбатда ўйлайдиган орзу-истакларидан бири бу - Аллоҳ таолонинг розилигига эришиб, шаҳодат калимасини айтган ҳолида жон бериш десам хато қилмаган бўламан. Аллоҳ таолонинг розилигига эришаман деган банда энг аввало Унинг буйруқларини бажариб, қайтарган ишлардан қайтиши керак. Мана шундай буйруқларидан бири мусулмон одам муҳтож кимсаларга садақа ва эҳсон қилишидир. Бу борада бизга гўзал ўрнак Пайғамбаримиз алайҳиссалом ва саҳобаи киромлар бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўзаро ҳадя улашинглар, бир-бирларингизга муҳаббатли бўласизлар» дедилар. Бу ҳадисга эътибор берадиган бўлсак, Пайғамбаримиз алайҳиссалом биз умматларига ҳадя улашиш орқали икки мусулмон орасида бир-бирларига бўлган муҳаббат зиёда бўлишининг таълимини бермоқдалар.

    Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, Пайғамбаримиз алайҳиссалом каби сахий инсон бошқа йўқ деб ўйлайман. Сабаби, Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда: «Бир аёл Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг олдиларига келиб: «Ё Расулуллоҳ! Мана бу ўз қўлларим билан тиккан тўн. Сизга кийгизиш учун олиб келдим» деди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом тўнни қабул қилдилар ва кийдилар. Эртаси куни ўша тўнни кийиб саҳобаларнинг олдига чиққанларида, бир киши келиб: «Ё Расулуллоҳ! Бу тўн чиройли эканми, менга кийгизиб юбора олмайсизми?» деди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Ҳа, кийгизаман» дедилар ва уйларига бориб тўнни ечдилар-да, сўраб келган кишига бериб юбордилар». Тўнни қўлига олиб турган пайтида бошқа саҳобалар унга қараб: «Яхши иш қилмадинг! Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўзлари мухтож бўлиб турган нарсани сўрадинг. Кимдир бир нарса сўраб келса, йўқ демасдан беришларини билиб сўрадинг?» деган эди, шунда у киши ўтирган саҳобаларга қараб: «Аллоҳга қасамки, буни кийиш учун сўраганим йўқ! Ўлган пайтимда кафанлик бўлиши учун сўрадим. Чунки Расулуллоҳнинг устларида кийилган тўн менинг кафаним бўлишини хоҳладим» деди (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

Саҳобалар бу кишининг Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан олган тўнларини кафанлик учун ишлатганини кўришган. Умри давомида бир маротаба ҳам киймаганлар. Лекин, Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўзлари ўша кийимга муҳтож бўлсалар ҳам сўраб келган одамнинг кўнглини синдирмасдан унга бериб юборганлар. Қани айтингчи қайси биримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдек бўла оламиз. Қайси биримиз ўзимиз муҳтож бўлган нарсани ҳеч ўйламасдан бошқага бериб юбора оламиз. Ҳеч ким… ҳеч ким бериб юбора олмайди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг шаънлари улуғ эканликларини мақтаб: «Сиз буюк хулқ узрадирсиз» деган.

«Мозийга қараб иш тутмоқ хайрлидир» дейди улуғ ёзувчи Абдулла Қодирий. Мўминаларнинг онаси бўлган Оиша розияллоҳу анҳо ҳам Пайғамбаримиз алайҳиссалом каби саховатда пешқадам инсонлардан бўлган.

Урва ибн Зубайр розияллоҳу анҳу: «Мен Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг 70 минг дирҳам садақа қилганларини кўрдим. Кўйлакларининг ёни эса ямоқли еди» деди. Қаранг азизлар, мўминаларнинг онаси бўлган, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг муҳаббатларини қозонган, шундай улуғ инсон ўзларининг кўйлаклари ямоқ бўла туриб: «Ўзимга янги кийим олишим керак, кийимим эскириб қолди, атрофдаги дугоналаримдан уяламан, бугун мана бундай модадаги кийим чиқибди, мана бундай оёқ кийим кияман, мен айтган нарсаларни олиб берасиз!» демасдан қўлидаги бор нарсасини қадрлаб, йиртилган жойи бўлса, тикиб, бор нарсасини садақа қилиб юборган. Мана сизга садақа ва эҳсон қилишдаги гўзал ўрнак. Ўрнак олмоқчи бўлган инсон ўзи тенги пули бўла туриб садақа қилмаётган инсонларга эмас, борини садақа қилиб юбораётган Пайғамбаримиз алайҳиссалом ва у зотнинг аҳли оилаларидан ўрнак олса арзийди.

Мана шу ҳадисда айтилган пулнинг миқдорига қарайдиган бўлсак, бир дирҳам 2,975 граммни ташкил қилади. Энди мана шуни 70 минг дирҳамга кўпайтирадиган бўлсак, 208 250 грамм чиқади. Маълумки, кумушнинг закот нисоби 595 грамм. 208 250 граммни 595 граммга бўлсак, 350 чиқади. Яъни Оиша онамиз розияллоҳу анҳо      350 та закот нисобига тенг маблағни садақа қилганлар. Бугунги кунда бир грамм кумуш нархи 5787.21 сўм деб оладиган бўлсак, 208 250 грамм кумуш нархи 1 205 186 482,5 (бир миллиард икки юз беш миллион бир юз саксон олти минг тўрт юз саксон икки сўм беш тийин) бўлади.  

Кумуш турли даврларда турлича нархларда хисобланган. Оиша онамиз садақа қилган пул миқдори бизлар ҳисоблаган пулга қараганда бироз фарқли бўлиши мумкин. Оиша онамиз ўзлари ямоқли кийим кийган ҳолларида, шунча маблағни садақа қилган эканлар. Қаранг хатто айрим инсонлар масжидга яъни Аллоҳнинг уйига садақа бериб туриб: «Менинг исмимни минбарга чиққан пайтингизда: «Масжидимизга палончи деган бой садақа қилди» деб зикр  қилиб қўйишини яхши кўришади. Бу бўлса қилган садақаси риёдан бошқа ҳеч нарса эмас эканлигини кўрсатиб қўйишликдир. Аллоҳ бундай ишлардан Ўз паноҳида сақласин!

Пайғамбаримиз алайҳиссалом ва у кишининг аҳли оилаларининг қилган садақа ва эҳсонларини ҳисоблайдиган бўлсак, санаб адоғига ета олмаймиз. Биз улар Аллоҳ таолонинг йўлида қилган хайрли ишларидан айрим намуналар келтириб ўтдик холос. Шоядки, бу қилган хайрли ишлар уммат учун намуна ва ибрат бўлса…? Ибрат оламан деган инсон атрофдагиларга эмас балки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у кишининг атрофидаги инсонларга қарашининг ўзи етарли ҳисобланади. Шуни унутмангки, бу дунёдан кетаётганингизда, қўлга киритган нарсаларингиз эмас, балки берган нарсаларингизни ўзингиз билан олиб кетасиз!

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг розилиги йўлида хайр-эҳсон қилувчи муҳсин бандаларининг қаторида қилсин! Омин!

Ҳайтмурат ЕРЕЖЕПОВ,

Тошкент ислом институти 3-курс талабаси.

13 Апрель, 2021 йил | 1123