Ягона олимпиада ҳар йил Ўзбекистон мусулмонлари идораси Таълим ва илмий-тадқиқот бўлими томонидан республикадаги 9 та ўрта махсус ислом таълим муассасаларининг битирувчи курс талабалари ўртасида ўтказилади. Бу йилги “Ягона олимпиада-2021”нинг якуний босқичи Тошкент ислом институтида ўтказилди.
Ягона олимпиаданинг мақсад ва вазифалари: Ягона олимпиаданинг мақсади – ўрта махсус ислом таълим муассасалари битирувчи босқич талабалари орасидан чет тили ва мутахассислик фанларини пухта ўзлаштирган иқтидорли талабаларни аниқлаш, уларнинг иқтидори ва ижодий қобилиятларини намоён қилиш, ўзи танлаган ихтисослик йўналишини чуқур ўрганишга қизиқишларини ошириш, қўллаб-қувватлаш ҳамда муносиб рағбатлантиришдан иборат. Мазкур олимпиада ғолиби Вақф фонди томонидан тақдим этиладиган ГРАНТ соҳибига айланади. Мазкур ГРАНТ асосида ғолиб, юртимиздаги Олий диний таълим муассасаларидан бирига имтиҳонсиз грант асосида таълим олиш имкониятига эга бўлади.
Мадрасаларда ўтказилган саралаш босқичидан ғолиб бўлган талабалар мазкур якуний босқичга йўлланма олиб, етиб келдилар.
Ягона олимпиадада талабалар Араб тили, фиқҳ ва ақоид фанлари бўйича синовдан ўтказилиб, 1-блокда Араб тилидан ижодий имтиҳон учун максимал 40 балл, 2-3 блокда Фиқҳ ва Ақоид фанларининг ҳар биридан тест синови бўйича 30 балл тўплаш имконияти мавжуд.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги ўрта махсус ислом таълим муассасаларининг битирувчи босқич талабалари ўртасида ўтказиладиган “Ягона олимпиада” танлови республика босқичида қуйидаги натижалар қайд этилди:
1-ўрин: “Хожа Бухорий” номли ЎМИТМ талабаси Алимов Абдулмалик Хусниддин ўғли;
2-ўрин: “Саййид Муҳйиддин маҳдум” ЎМИТМ талабаси Исамиддинов Жавохирбек Соибжон ўғли;
3-ўрин: “Мир Араб” ЎМИТМ талабаси Холиқов Мухаммадризо Абдухамид ўғли.
Ягона олимпиаданинг якуний босқичида I-ўринни эгаллаган “Хожа Бухорий” номли ЎМИТМ талабаси Алимов Абдулмалик Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий диний таълим муассасаларидан бирига – Тошкент ислом институти ёки Мир Араб Олий мадрасасига, “Вақф” хайрия жамоат фонди гранти асосида конкурссиз ўқишга кириш ҳуқуқига эга бўлди.
Ягона олимпиаданинг якуний босқичида II-ўринни эгаллаган “Саййид Муҳйиддин маҳдум” ЎМИТМ талабаси Исамиддинов Жавохирбек Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий диний таълим муассасаларидан бирида ўқишини давом эттириш мақсадида ҳужжат топшириб, қабул имтиҳонларида катнашган такдирда, имтиҳон натижалари бўйича ўзи тўплаган баллнинг 25 фоизи микдорида қўшимча балл кўшиб бериш имтиёзига эга бўлди.
Ягона олимпиаданинг якуний босқичида II ва III-ўринни эгаллаган иштирокчилар Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий диний таълим муассасасига ўқишга кирган тақдирда, бир ўқув йили тўлов-контракт пулларининг 50 фоиз микдори “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан тўлаб берилади.
Ягона олимпиаданинг якуний босқичида I, II, III-ўринларни эгаллаган иштирокчилар Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг махсус дипломи, “Вақф” хайрия фондининг китоблар тўплами ва қимматбаҳо совғалари, шунингдек, қолган барча иштирокчиларга фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалар топширилди. Тадбир якунида фикр-мулоҳазалар билдирилиб, дуои хайрлар қилинди.
Вақф ХЖФ матбуот хизмати