Вақф фонди Қорақалпоғистонликлар учун яна 50 та ичимлик суви артезианлари қазишни бошлади

Мамлакатимизнинг олис вилоятларидаги ичимлик суви танқис бўлган туман ва қишлоқ аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида, “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан “Оби-ҳаёт” акцияси доирасида кўплаб хайрли ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан жорий йилнинг март-апрел ойларида Қорақалпоғистоннинг чекка-чекка овулларидаги 21 та ҳудудда тоза ичимлик суви артезианлари қазиб чиқарилиб Рамазон ойи арафасида аҳолига беминнат хайрия қилинган эди.

Куни кеча мазкур хайрли ишнинг иккинчи босқичи ўз ишини бошлади. Иккинчи босқичда Қорақалпоғистон республикасининг яна 50 дан зиёд қишлоқ ва овулларида тоза ичимлик суви қудуқ ва артезианлари қазилиб тез фурсатда аҳолига хайрия қилинади.

Мақсадимиз халқимизнинг яшаш шароити яхшиланишига ҳисса қўшишдир.   

Ушбу хайрли ишда саховатпеша ҳамюртларимизни ҳамкорликка чорлаб қоламиз!

Зеро, ҳадиси шарифлардан бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Ким сув бор жойга сув чиқарса, бир жонни озод қилгандек бўлади, ким сув йўқ жойга сув чиқарса, бир жонни тирилтиргандек бўлади” (Ибн Асокир ривояти).

Вақф хайрия жамоат фонди Матбуот хизмати

Вақф фонди Қорақалпоғистонликлар учун яна 50 та ичимлик суви артезианлари қазишни бошлади
24 Июнь, 2021 йил | 718