Вақф фонди Қурбон ҳайитида 10 тонна гўшт эҳсон қилади

Қурбон ҳайити мусулмонлар учун энг улуғ икки байрамдан бири ҳисобланади. Бу кунда мусулмонлар ўзаро меҳр-оқибат ила бир-бирларига эҳсонлар қилишади ва яхшиликлар улашади.

Вақф хайрия жамоат фонди ташкил этилгандан буён ҳар йили Қурбон ҳайити кунларида ижтимоий кўмакка муҳтож, етим, боқувчисини йўқотган, ночор ва ҳақдор ҳамюртларимизга Қурбонлик гўштларини шаффофлик асосида етказиб бермоқда.

Жорий йилда ҳам Вақф фонди мамлакатимиз бўйлаб, Қорақалпоғистон республикаси, вилоятлар ва пойтахтимиздаги ҳақдорлар учун жами, 10 000 кг гўшт, 5000 та хонадонга тарқатилиши режалаштирилган бўлиб ниятимиз янада кўпроқ оилага тарқатиш.

Мазкур хайрли ишда биз билан ҳамкорлик қилиб, Аллоҳ таолонинг розилигини олишни истаган саховатпеша ҳамюртларимизни ҳамкорликка чорлаб қоламиз.

Зеро, Михнаф ибн Қайс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда шундай марҳамат қилинади «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Арафотда турган эдик. Мен У зотнинг: «Эй, одамлар, ҳар бир уй аҳлига ҳар йили бир қурбонлик ва атийра лозимдир. атийра нималигини биласизларми? У сизлар, ражабия, деб атайдиган нарсадир»-деганларини эшитдим». Сунан эгалари ривоят қилган.

Аллоҳ таоло қилган қурбонликларингизни ўз даргоҳида ҳусни қабул айласин!

Вақф ХЖФ Матбуот хизмати

Вақф фонди Қурбон ҳайитида 10 тонна гўшт эҳсон қилади
16 Июль, 2021 йил | 1011