Кун.узда ҳаёти ёритилган муҳтож икки оилага ВАҚФ фонди ёрдам берди

Кун.узда ҳаёти ёритилган муҳтож икки оилага ВАҚФ фонди ёрдам берди

 

Эҳсон ва хайрияларни ҳақиқий эгаси бўлмиш ҳақдорларни топиб топшириш вақф хайрия жамоат фонди фаолиятининг энг муҳим хусусиятларидлан ҳисобланади. Ҳақдорлар учун эса халқимиз доимо ёрдам беришга тайёр.

Kun.uz сайтининг 21 ва 23 август саналарида икки муштипар аёл ҳақида эълон қилинган мақола ва лавҳа ВАҚФ фонди ходимлари назаридан четда қолмади. Моддий ва маънавий кўмакка муҳтож бу аёлларга ёрдам бериш мақсадида фонд ходимлари Фарғона ва Навоий вилоятларига ташриф буюрди.  

Дастлабки манзилимиз Фарғона вилояти, Қўштепа тумани, Шаҳартепа қишлоғида ёлғиз ўғли, ягона суянчиғи 14 ёшли Камолиддин билан истиқомат қилиб келаётган Баҳридил Зокирова хонадони бўлди.

Турмуш ўртоғи вафот этган, 2-гуруҳ ногирони бўлган Баҳридил опанинг эҳтиёжига кўра фонд ходимлари томонидан музлатгич ва тикув машинаси ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари тақдим этилди. Кўзлари қувончга тўла она ва ўғил фонд ходимлари ва сахий ҳамюртларимиз ҳаққига дуои хайрлар қилишди.  

Кейинги манзилимиз Навоий вилояти Кармана туманининг Боғишамол маҳалласида яшовчи Нигора Ҳамроева хонадони бўлди.

Асли самарқандлик бўлган Нигора Ҳамроева ҳаётнинг аччиқ синовларига дуч келиб, 3 нафар фарзанди билан ёлғиз қолган. Ғишт қуйиб сотиш орқали рўзғор тебратаётган оила бошқаларга оғирлиги тушишини хоҳламайди. 

Вақф фонди ходимлари Нигора опанинг сўровига кўра тикув машинаси ва музлатгич, шунингдек озиқ-овқат маҳсулотлари тақдим этди.

 Мазкур хайрияга ҳисса қўшган барча саховатпеша ҳамюртларимизга Аллоҳ таолодан икки дунё саодатини сўраб қоламиз!

 

“ВАҚФ” хайрия жамоат фонди Матбуот хизмати

 

Кун.узда ҳаёти ёритилган муҳтож икки оилага ВАҚФ фонди ёрдам берди
8 Сентябрь, 2021 йил | 824