Бугун, “Кўкалдош” билим юртида Мавлид ойи муносабати билан талабалар ўртасида “Сийрат” фанига бағишланган мусобақа бўлиб ўтди. Тадбир Қуръони карим тиловати билан бошланди.
Дастлаб “Вақф” фонди раҳбари Искандар домла Халилов йиғилганларга муфтий ҳазратнинг дуою саломларини етказиб, мавлид ойи тўғрисида маълумот берди. Билим юрти мудири Зиёвуддин домла Мирсодиқов эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак сифатлари ҳақида сўзлаб берди.
Беллашувда билим юртининг 2-, 3- ва 4-курс талабаларидан ташкил топган жамоалар еттита шарт асосида баҳсларга киришишди. Жамоалар мусобақага яхши тайёргарлик кўрганларини намойиш этишди. Ҳар бир гуруҳ ўзларига берилган мавзуларни баён қилиб бердилар.
“Эркин ижод” деб номланган шартда талабалар ўзлари тайёрлаган саҳна кўринишлари ва ёзган шеър, мактуб ва ҳикояларини айтиб, барчанинг Набий алайҳиссаломга бўлган муҳаббатларини зиёда қилишди.
Ҳар бир шарт орасида томошабинлар билан ҳам совринли саволлар муҳокама этилди. 4-курс талабалари Тўлаганов Мурод, Исомов Ниғматилла ва 2-курс талабаси Умаров Талъат “Энг фаол иштирокчи” совринига сазовор бўлдилар.
Мусобақа якунида 4-курс жамоаси биринчи ўринни, 3-курс жамоаси иккинчи ўринни ва 2-курс жамоаси учинчи ўринни қўлга киритди.
«Вақф» фонди томонидан совриндорлар ва жамоаларга эсдалик совғалари тақдим этилди.
"Вақф" хайрия жамоат фонди Матбуот хизмати