. Аввало, ниятни тўғриламоқ, ихлос билан, холис Аллоҳ учун зиёрат қилмоқ лозим.
Аввало, ниятни тўғриламоқ: зиёратни холис Аллоҳ учун қилмоқ; ёрдамни, нажотни, ёлғиз Аллоҳдан тиламоқ лозим. Анбиёи изом (улуғ пайғамбарлар) ва авлиёи киромнинг зиёратлари, шубҳасиз, фойдадан холи эмас.
Баъзи адно (мушкул) даражада қолган бандалар Аллоҳ таолодан ҳожатларини бевосита талаб этмоққа ўзларида лаёқат ва муносабат топмагани сабабли, баъзи дунё ва охират мақсадлари ҳосил бўлиши учун уларни восита ва васила айласалар, улар ҳурматидан ушбу талабни Аллоҳ ижобат қилиб, ҳожатлари раво бўлиши умид қилинади. Чунончи: «Ё Раббим! Шу зотнинг қурбу ҳурматини даргоҳингга восита ва васила айладим, менинг фалон мақсудимни раво қил!» деб дуо қилиши мумкин. Чунончи, бу «Ибодати исломия»да айтилган.
Ҳазрати пайғамбар ва азиз-авлиёлар қабрини зиёрат қилганда асар ва таассурот воқе’ бўлиши тажриба қилингандир, тажрибиёт ҳам тариқи илмдир. Бас, пайғамбарларни ва авлиёларни вафотларидан кейин зиёрат қилиш бефойда эмас. Лекин зиёрат қилинган зотга ҳам фойда етиши аҳли суннат вал-жамоат мазҳабида, шубҳасиз, бор масаладир. Фақат зиёратчи нияти ва ихлосини тўғри қилиши лозим. Уларни тирик деб эътиқод қилмаслик керак. Дуони ёлғиз Аллоҳга қилиши керак.
Сўрайдиган нарсаларини қабрдаги зотдан сўраш асло мумкин эмас. Бу ширк бўлади, ширкни эса Аллоҳ кечирмайди. Бирор кишида бундай хатолар ўтган бўлса, чин дилдан Аллоҳга тавба қилмоғи лозим.
2. Зиёрат пайтида таҳоратли бўлмоқ сунннатдир.
Айниқса, ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак қабрларини ва азиз-авлиёлар қабрини зиёрат этишдан олдин ғусл қилмоқ одобга мувофиқдир.
3. Қисқа муддат бўлса ҳам дунё машғулотини тарк этиб, охиратни ўйламоқ.
4. Икки ракъат намоз ўқимоқ суннатдир.
Таҳоратли ҳолда (зиёратгоҳга яқин масжидда ёки намоз ўқиш жоиз бўлган жойда) икки ракъат намоз ўқиб, ҳар бир ракъатида «Фотиҳа» сурасидан сўнг бир марта «Оятул-Курсий»ни ва уч мартадан «Ихлос» сурасини ўқийди. Салом бергач, бу намознинг савобини марҳумга ҳадя этади.
5. Зиёратгоҳда виқор билан, сокин юрмоқ.
Зиёратгоҳда виқор билан, яъни ғоят сокин, вазмин, оҳиста юради. Беҳуда ва баланд овозда сўзламайди. Эҳтиёж бўлса, зарурий сўзларни оҳиста ва адаб билан гапиради.
6. Қабр аҳлига салом бермоқ.
Қабристонга борганда аввал қабристон аҳлига салом берилади. Масалан, бундай дейилади: «Ассалому алайкум, эй бу диёрнинг мўминлари ва мусулмонлари! Иншоаллоҳ, бизлар ҳам сизларга келиб қўшилурмиз. Аллоҳ таолодан бизлар учун ва сизлар учун офият - тинчлик-омонлик тилайман!»
Бирор қабристон ёнидан ўтганда ҳам салом бериб ўтиш яхшидир.
Ҳадиси шариф: «Кимики бирор қабр ёнидан ўтаётиб, қабр аҳлига салом берса, худди дунёда билганидек, маййит уни билади ва унга алик олади». Бу жавоб қайтариш қол тили билан эмас, балки ҳол тили биландир. Ҳазрати Ибн Умар (розияллоҳу анҳумо) бирор қабр ёнидан ўтсалар, албатта, салом бериб ўтардилар («Қабр аҳлига салом бериш тартиби» бобига қаранг).
7. Оёқ томонидан бориб, маййитга яқин ва юзма-юз ўтирмоқ.
Зиёрат қилганда белгили қабр ёнига оёқ томонидан бориб, аввал маййитга салом беради, ҳаётлик пайтида унга қандай яқин ўтирса, шу даражада яқин ўтиради. Маййитнинг юзи ва кўкраги тўғрисига келиб ўтиради.
Маййит, албатта, юзи қиблага қаратиб кўмильади. Шу боис зиёратчи юзини қиблага эмас, балки, аксинча, қабрга қаратиб, марҳумнинг бош тарафида, унга юзма-юз ва яқин ўтиради.
8. Қабрни сийпаш, ушлаш ва ўпишдан қаттиқ сақланмоқ.
Зиёрат чоғида асло қабрни сийпамаслик, айланиб тавоф қилмаслик, ушламаслик ва ўпмаслик керак. Бу адашганларнинг одатидир.
9. Қабр бошида «Ёсин» сурасини ёки ўзи билган бошқа сура ёхуд оятларни ўқимоқ.
Ўтиргач, 1 марта «Фотиҳа» ва 3 бор «Ихлос» сурасини ёки ўзи билган сураларни ўқиб, савобини марҳумга бағишлаш кифоя. Яна 10 марта салавот ва тасбиҳ айтмоқ савоб.
Бир марта «Фотиҳа» ва 11 марта «Ихлос» сурасини ўқиш афзал. «Ихлос»ни 10 бор ўқишҳам мумкин.
«Шарҳи Ширъатул-Ислом»да айтилади: «Қабристонда сураи «Ёсин»ни ўқиш мустаҳаб эканлиги машҳур ҳадислар билан собит бўлгандир».
Қабристонда «Оятул-курсий»ни ўқиш фазилати юқорида баён этилди. «Таборак»ни ўқиса ҳам яхши. Бир марта «Фотиҳа», «Ихлос», «Ал-фалақ» ва «Ан-нос» сураларини ўқиш ҳам тавсия қилинган. Бир марта «Фотиҳа», 3 марта
«Ихлос ва 1 марта «Ал-ҳокуму-т-такосур» сурасини ўқиса, улуғ савоб ҳосил бўлади. Булар ҳаммаси тавсия қилинган савобли амаллардир.
Қабр бошида бирор фиқҳий масалани айтмоқ, айниқса, савоблироқдир. Бутун ер юзидаги маййитлар руҳи унинг савобини талашади.
Аммо Ҳазрати Имом Бухорий, ҳазрати Қусом ибн Аббос (розияллоҳу анҳумо), Шоҳ Баҳоуддин Нақшбанд, Ҳаким Термизий, Абу Ийсо Муҳаммад Термизий, Шайх Сўфи Аллоҳёр мақбараларидек гавжум зиёратгоҳларда бошқа зиёратчиларга ҳам тезроқ навбат бермоқ одобдандир.
Зиёратчилар марҳумга бағишлайдиган нарсаларини олдиндан ўқиб тайёрлаб келсалар ҳам бўлади.
10. Зиёратга пояфзални ечиб кириш суннатдир. Бу ҳақда ҳадиси шарифлар бор.
Изоҳ: «Фатовиййи оламгирия»да айтилади: «Қабристонда ковуш ва этик билан юрмоқ бизнинг (Имом Аъзам) мазҳабимизда макруҳ эмас». «Сирожул-ваҳҳож» китобида ҳам шундай дейилган.
11. Қабрни босмаслик лозим. Қабр усти маййитнинг ҳаққидир.
Қабрни босиш маййитнинг қорнини босиш кабидир. Қабр устидан ёки қабристон ичидан ўтиш зарур бўлиб қолса, тасбиҳ («Субҳоналлоҳ», «Субҳоналлоҳи ва биҳамдиҳи», «Субҳоналлоҳи вал-ҳамдулиллоҳи ва ло илоҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар» каби тасбиҳларни), таҳлил («Ло илоҳа иллаллоҳ), такбир, дуо ва истиғфор айтиб ўтса бўлади.
Кимки қабристондан: «Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, ло илоҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар. Аллоҳу акбару ва лиллоҳил-ҳамд» такбирини айтиб ўтса, қабрда ётган киши: «Кошки шу одам қабрим ёнидан яна бир марта ўтса эди!» деб орзу қилиб қолади.
11. Мўминларнинг яхши сифатларини эслаш суннатдир.
12. Зиёратдан беҳад сокин, вазмин ҳолатда қайтиш лозим.
Аллоҳ таоло зиёратингизни қабул этсин!
Мирзо Аҳмад Хушназарнинг «Қабристон зиёрати одоблари» китобидан