Саъдуллаев Элбек Дилшод ўғли
Манзили : Тошкент шаҳар Учтепа тумани
Боғланиш учун : Акцияга масъул З.Тураев тел: +998-90-939-08-09, +998-78-150-64-37
Хайрия йўналиши мақсади :

                                                           Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм !

Буйрак етишмовчилигидан азият чекаётган мурғак қалб, зудлик билан яхшилар кўмагига муҳтож

Инсоннинг тиши оддий ҳолатда оғриса, сабрсизлик билан оғриққа бардош бера олмай қоламиз. Энди тасаввур қилинг, юрак, буйрак ёки жигар соҳасида оғриқни ҳис қилаётган норасида гўдакнинг кечинмалари қандай бўлади.

Ҳали тили чиқмаган Элбекнинг ҳаётга иштиёқи катта. Саломатлик ва ҳаловат... Бу икки неъмат қанчалар азиз ва қадрли!.. Саломатлигингиз йўқолса, танангиз азоб кечади. Агар фарзандингиз, жигарпорангиз хасталанса-чи?.. Кўз олдингизда азоб чекиб ётса-ю, қўлингиздан ҳеч иш келмаса, халоватингиз йўқолади, руҳингиз азобланади. Шундай руҳий азобларни бошидан ўтказаётган оила бошлиғи "Вақф" хайрия жамоат фондига мурожаат қилди.

Беморнинг отасини секин гапга тутдик. Оталик меҳридан кўзига ёш олса, эрлик ғуруридан ўзини тийишга ҳаракат қилиб сўз бошлади.

- Исмим Аллаберганов Дилшод, турмуш ўртоғим ва икки фарзандим билан Учтепа туманида яшайман. Элбек иккинчи фарзандим, бир ёшу саккиз ойлик. Туғилишидан буйрак етишмовчилиги дардига мубтало бўлди. Шу қисқа умрида етарлича қийинчиликларни бошидан ўтказди. Сентябр ойида Тошкент шаҳридаги Республика педиатрия шифохонаси Нефрология бўлимига ётқиздик. Сўнг Юнусобод туман 5-сон болалар шифохонасида ёш болаларга ишлатиладиган 6.5сентиметрлик котейтор ўрнига 8.5 сентиметрли котейтор ўрнатишди. Диализ олиб қайтдик. Котейтор узун бўлганлиги сабабли юрагини тешиб ўтибди. Қон ўпкасига йиғилиб кечга яқин иситмаси чиқди ва хириллаб зўрға нафас оларди. Ярим тунда ўта оғир аҳволда Чилонзордаги 16-сонли шаҳар клиник шифоханасига шошилинч тез тиббий ёрдам билан етиб бордик. Шифокор котейтор нега катталигини сўради. Аҳволи ёмонлашишига айнан шу лоқайдлик сабаб бўлган, деди.

Шифокор ўпкасини тешиб қон олди. Шундан сўнгина болажонимни аҳволи бироз яхшиланди дея гапини давом эттиради қалби ўксиниб йиғлаган ота. Вазият бу каби тус олганини кўрган Юнусобод туман 5 –сон шифохонаси шифокорлари 6.5ли котейтор топилди деб қўнғироқ қилишди ва шикоят қилмаслигимиз учун тилхат ёздириб олишди. Қизиқ агар ўзини фарзанди шу аҳволга тушса нима қиларди?! 10 кун олдин Туркияга онаси билан жўнатдик. Қонига инфекция тушган, юраги тешик сабабли қон тўплаган, ўта ҳолсизланиб қолгани сабабли операцияга тайёрлашмоқда. Ҳозирга қадар 9 500 АҚШ доллари тўлашди. Боламни операциясига деб йиққан пуллар бир ҳовуч “зукко, доно” шифокорлар қолдирган асоратларни даволашга кетмоқда. Олдинда буйрак алмаштириш жарроҳлик амалиёти турибди. Бунинг учун 17-18 минг АҚШ доллари зарур, дея ўз сўзини якунлади.

Бугунги кунда юзлаб мурғак жонларни асраб қолиш учун ҳаракат қилинаётган эзгу ишларда Сиз ҳам фаол иштирок этинг! "Вақф" хайрия жамоат фонди ватандошларни ушбу оиланинг машаққатли кунларида оғирини енгил қилишда кўмаклашишга чақиради.

Элбекни азобсиз, дардсиз ўсиб-улғайишига, ота-онасининг кўзини қувонтиришига сабабчи бўлайлик! Сиз томонингиздан амалга оширилган кичик бир эҳсон, бир оила фарзандини ҳаётга қайтариши мумкин. Бефарқ бўлмайлик,

                                                 "Малҳам" акциясида иштирок этинг азизлар !

Тўпланган маблағ : 0 сўм


Саъдуллаев Элбек Дилшод ўғли

Ушбу Хайрия йўналиши якунланган !

24 Декабрь