Закот беришни кимдан бошлаган афзал?
ЖАВОБ: Закотни ўзаро туғилиш алоқаси бўлганлар, яъни ота-онаси, бобо-момоси, ўғил-қизлари ва уларнинг фарзандлари, эр-хотинлик алоқалари бўлганлар, яъни эр ёки хотинга бериши мумкин эмас. Шунингдек, ўзга дин вакиллари, нисоб миқдорича моли бўлган кишиларга ҳам закот берилмайди.
 
Ака-ука, опа-сингилларга келсак, ушбу саволга мўътабар фатво китобларимизда шундай жавоб берилган: “Закот, фитр ва назрни беришда энг афзали аввало ака-ука, опа-сингиллар ҳисобланади. Сўнг уларнинг фарзандлари. Улардан кейин амаки-аммалар, сўнг уларнинг фарзандлари. Кейин тоға-холалар ва уларнинг фарзандлари, сўнг юқоридагилардан бошқа қариндошлар. Улардан кейин навбат билан қўшнилар, ҳамкасблар, ҳамшаҳарлар ёки қишлоқдошлар ҳақлидирлар”.
 
“Баҳрур роиқ” китобида: “Қарзи бор кишига закот бериш фақирга закот беришдан кўра афзалдир”, дейилган.
 
Демак, агар ака-ука ёки опа-сингиллар закот бериш нисобига эга бўлишмаса закот бериш учун энг афзал кишилар ҳисобланар экан. Закот бериш яқин қариндошлардан бошланса ҳам Аллоҳ таолонинг буйруғи адо бўлади, ҳам қариндош-уруғлик ришталари мустаҳкамланади. Валлоҳу аълам.
 
САВОЛ: Закот кимларга берилади?
 
ЖАВОБ: Закот бериладиган 8 та тоифа инсонлар бор:
 
1. Фақир – моли нисобга етмаган шахс.
 
2. Мискин – ҳеч нарсаси йўқ киши.
 
3. Закот йиғиш ишида банд бўлганлар.
 
4. Диллари Исломга ошно қилинувчи ғайри динлар.
 
5. Мукотаб қуллар.
 
6. Агар зиммасидаги қарзини берса, пули нисобдан камайиб қоладиган қарздор киши.
 
7. Аллоҳ йўлида юрганлар (бунда асосан муҳтож бўлиб қолган ҳожилар тушунилади).
 
8. Йўлда қолганлар (моли бору ўзи билан бирга эмас).
 
Юқорида санаб ўтилганлардан икки тоифаси: “диллари Исломга ошно қилинувчилар” ва “мукотаб қуллар” бугунги кунда мавжуд бўлмаганлиги учун закот бериладиганлар қаторидан чиқарилган.
 
Шариатимизга кўра қуйидагиларга закот берилмайди:
 
1. Бошқа дин вакилларига.
 
2. Бой кишиларга.
 
3. Бой кишининг балоғатга етмаган фарзандига.
 
4. Ўрталарида туғилиш алоқаси бўлганлар яъни, ота-она ва ўғил-қизларга.
 
5. Эр ёки хотинга.
 
6. Ҳошимийлар, яъни Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг қариндошларига.
 
САВОЛ: Тилло ва кумуш тақинчоқлардан закот пул билан бериладими ёки уларнинг ўзиданми?
 
ЖАВОБ: Маълумки, кишининг тиллоси 85 грамм ёки ундан ортиқ бўлиб, унга йил тўлса қирқдан бирини закот қилиб чиқариши фарз бўлади.
 
Лекин шуни билиш керакки, агар тилло тақинчоқлардан тиллонинг ўзини закот сифатида берилса, тақинчоқларнинг вазнига қараб закот чиқарилади. Масалан, 100 грамм тиллодан 2,5 грамм тилло закотга берилади. Агар тақинчоқларнинг закотини пул билан бериладиган бўлса, тақинчоқларнинг бозордаги қийматига қараб закот чиқаради. Масалан, бозорда қиймати қанча бўлса, шуни қирқдан бирини закотга беради.
 
Тақинчоқлар хоҳ ишлатилаётган бўлсин, хоҳ ишлатилмаётган бўлсин, улардан закот берилади. Чунки улар ҳамёндаги пул билан бир хилдир.
 
Тилло ва кумушдан бошқа сотиш ниятида олинмаган қимматбаҳо тақинчоқ ва тошлардан закот берилмайди.
 
САВОЛ: Тижорат қилиш мақсадида қуриб, битмай қолган бинодан закот бериш керакми?
 
ЖАВОБ: Албатта, закот бериш керак. Бунда битмай қолган бинонинг айни вақтдаги қийматини ҳисоблаб, тижорат моли бўлгани учун тилла, кумуш ва қоғоз пулларига қўшиб ҳисоблайди ва жами маблағнинг қирқдан бирини закот сифатида муҳтожларга беради.
 
САВОЛ: Айни пайтда ишсизман. Қўлимда нисобдан ортиқ маблағим бор. Мен закот беришим керакми?
 
ЖАВОБ: Чет элда ишлаб, олиб келган пулингиз камида 85 грамм тиллонинг қийматига етган бўлса, пулингиз нисобга етган бўлади. Ана шу вақтдан роса бир йил ўтгач, ейилиб, кийилиб, бошқа ҳожатларга ишлатилиб кетгандан қолган пул 85 грамм тиллонинг қийматидан камаймаган бўлса, энди жами пулингиз (тилла, сотишга мўлжалланган тижорат моллар) қирқдан бирини закот сифатида берасиз. Яна бир йил ўтгандан кейин яна қўлингиздаги маблағни ҳисоблаб кўрасиз, яна 85 грамм тиллонинг қийматидан кўп чиқса, яна закот берасиз. Масалан, ундан кейинги йил пулингиз камайиб, 85 грамм тиллонинг қийматидан камайиб кетса, закот бермайсиз. Аллоҳ таоло ҳеч бир бандасига унинг тоқати етмайдиган нарсани юкламайди, шу жумладан, закот масаласида ҳам.
 
Демак, закот олтин, кумушдан, савдо учун боқилаётган мол-ҳоллардан, ишлаб чиқарилаётган барча турдаги маҳсулотдан, нақд пуллардан, дўкондаги сотиладиган атир-упа, кийим-кечак ва бошқа шуларга ўхшаш нарсалардан ўзи ёки қиймати берилади. Кундалик аслий ҳожатига кирадиган нарсалар қўшилмайди. Кундалик аслий ҳожатига яшаши учун ҳожатини чиқариб турган нарсалар: уй-жой, машина, соғин сигир, уй ичини безаш учун қўйилган матоҳлар, бисотда ўғил-қизга аталган совға-сарполар, ейиш учун сақлаб қўйилган озиқ-овқат маҳсулотлари киради. Булардан закот берилмайди.
5 Май, 2020 йил | 41