Аллоҳ таолога ҳамд, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга салоту дурудлар бўлсин.
Сурункали касаллик билан хасталанган, рўза тутиш уларнинг саломатлигига зиён етказиши мумкин бўлган узри борлар Рамазон рўзасини тутишдан озод этилган. Бунинг учун уларга гуноҳ ёзилмайди, зеро Қуръони Каримда бундай марҳамат қилинади: “… беморга ҳам гуноҳ йўқдир…”(Нур сураси 61-оят). Бошқа бир оятда: “…динда сизларга бирор ҳараж (қийинчилик) қилмади…” (Ҳаж сураси 78-оят) дейилади.
Бундай киши рўза тутмаганлиги учун фидя тўлаши лозим. Бу ҳақда Қуръонда шундай дейилади: “Саноқли кунларда. Бас, сизлардан кимки бемор ёки сафарда бўлса, саноғи бошқа кунлардандир. Мадори етмайдиганлар зиммасида бир мискин кимсанинг (бир кунлик) таоми фидядир. Кимки ихтиёрий равишда зиёда хайр қилса (лозим бўлганидан ортиқ фидя берса), ўзига яхши. Агар билсангиз,рўза тутишингиз (фидя бериб тутмаганингиздан) яхшироқдир” (Бақара сураси 184-оят).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу: “Кимга қарилик етган бўлса ва у Рамазон ойининг рўзасини тута олмаса, ҳар бир куни учун бир мудд буғдой миқдорида фидя тўлаши шарт”, – деган (Дориқутний, Байхақий).
Ибн Абу Лайло бундай сўзлаб берди: “Бизга Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асҳоблари айтиб беришганки, Рамазон (ояти) нозил бўлганда бу уларга оғир келган экан. Шу боис, қийналиб тутадиганлар орасида ҳар куни бир мискинни таомлантириб, рўзани тарк қилганлар ҳам бўлган экан. Уларга шунга рухсат берилган экан. Кейин буни “Ва рўза тутишингиз сиз учун яхшидир” (деган оят) насх қилиб, рўза тутишга буюрилибдилар” (Бухорий).
Бундан кўринадики, рўза тутишга қодир бўлмаган киши фидя тўлайди, башарти вақт ўтиши билан у қодир бўлиб қолса, қазосини тутиб беради.
Фидя “фидо қилиш” маъносини англатади ва шариатга кўра, рўза тутишга қодир бўлмаган инсоннинг (қари, касал, мусофирлар) унинг ўрнига сармоя сарфлаши “фидя бериш” деб тушунилади. Ханафийликка кўра фидяни Рамазон ойининг бошида ёки охирида тўлаш мумкин.
Сўзимиз сўнгида, Аллоҳ таолодан барча хаста мусулмонларнинг дардларига шифо беришини ва гуноҳларини афв этишини сўраймиз.