Шукр қилиш билан неъматлар зиёда бўлади

Ҳар бир инсон ўз ҳолига, ҳаётига, қисматига, тақдирига рози бўлишни, шукр қилишни ўрганиши керак. Чунки, бу ҳаётни унга Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло раво кўрди ва шундай бўлишини ирода қилди. Шунинг ўзи – катта марҳамат ва неъмат! Шукр қилсак, Аллоҳ бундан ҳам зиёда қилади. Аммо ношукрлик қиладиган бўлсак, бошқа ҳаётларга ҳавас қиладиган бўлсак, ўзимиздаги боридан ҳам маҳрум бўлиб қолишимиз мумкин. Аллоҳ таоло инсонни мукаррам қилиб яратиб, унга сон-саноқсиз неъматлар ва туганмас яхшиликларни ато қилди. Бу неъмат ва яхшиликлари билан инсонни бошқа яратилганлардан афзал қилди. Агар бандалар шукр қилсалар, уларга неъматларини зиёда қилишини ваъда қилди ва итоат қилсалар бу неъматлар давомийлиги ва боқийлигининг кафолатини берди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилди: “Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳгагина ибодат қилувчи бўлсангиз, сизларга Биз ризқ қилиб берган покиза нарсалардан еб, Унга шукр қилингиз!” (Бақара сураси, 172-оят).

Шукрнинг фазилатларидан яна бири шуки, инсон шукр қилса, ризқи яна зиёдалашади. Бу ҳақда ҳазрати Али розияллоҳу анҳу шундай деганлар: “Неъмат шукрга, шукр эса зиёдаликка боғлангандир. Модомики, банда шукр қилишда давом этар экан, Аллоҳ таоло ҳам зиёда қилишда бардавом бўлади” (Имом Байҳақий ривояти).

Шукр қилувчи кишида меҳр-мурувват, инсоф-диёнат, қаноат, сабр каби ахлоқлар мавжуд бўлади. Бу ахлоқлар эса инсонни дунё ва охират саодатига бошлайди. Ҳозирги кунда ер юзининг баъзи жойларида бўлиб турган турли хил офат ва балолар ҳақида эшитиб, кўриб турибмиз. Ҳар куни ҳар хил воқеалари содир бўлаётган жойда инсонлар уй қурармиди, тўй қилармиди ёки халқининг кўнглига хурсандчилик сиғармиди?! Шундай юртлар борки, узоқ йиллардан бери ҳали ҳануз у юртларда тинчлик йўқ. Туғилган фарзанд уруш ўчоғида туғилиб, катта бўлмоқда, уйланмай туриб вафот этаётганлар қанча?! Аллоҳ таоло барчамизни борига шукр қилувчи ва ҳар қандай ҳолатда сабр қилувчи бандаларидан айласин, бошига бир машаққат ё мусибат тушганида Ўзига ёлворувчи ва Ўзидан ёрдам кутувчи тақволи бандалари сафидан жой берсин, Ўзи ваъда қилганидай шукримиз эвазига улкан ажр-мукофотларини ато этсин!

Рашиджон НУРАЛИЕВ,
Фурқат тумани “Чилигижийда” масжиди имом-хатиби

14 Май, 2020 йил | 13