Рўзани бузмайдиган нарсалар

 

1. Бир одамнинг рўзадорлиги эсидан чиқиб, еб-ичиб қўйса ёки жимоъ қилиб қўйса, рўзаси очилмайди. Аммо эсига тушиши билан дарҳол мазкур ишларни тўхтатиши шарт. Жимоъ қилаётган киши рўзадорлигини эслаши билан ажраши керак. Агар шундан кейин ҳам туриб қолса, рўзаси бузилади.

2. Назар солиш ёки ўйлаш оқибатида маний тўкилса, киши гуноҳкор бўлади, лекин рўзаси очилмайди. Кундуз куни эҳтилом бўлиб қолса ҳам рўза очилмайди.

3. Кўзга дори томизилса ёки сурма қўйилса ҳам рўза очилмайди.

4. Қон олдирилса ҳам рўза очилмайди.

5. Мисвок қилинса ҳам рўза очилмайди.

6. Оғиз-бурун муболағасиз чайилса ҳам рўза очилмайди.

7. Ғусл қилинса ёки салқинлаш учун ҳўл латтага ўранилса ҳам рўза очилмайди.

8. Ғийбат қилса ёки оғизни очишни ният қилса ҳам рўза очилмайди.

9. Рўзадорнинг ичига унинг ихтиёрисиз тутун, чанг ёки чивин (пашша) кирса ҳам рўзаси очилмайди. Аммо рўзадорлиги эсида туриб, хушбўй нарсани тутатиб, ҳидласа, рўзаси очилади.

10. Бир одам тиш олдириб, қон ёки дорини ютмаган бўлса ҳам рўзаси очилмайди.

11. Эркак кишининг жинсий олатидан сув, мой ёки дори киритилса, рўзаси очилмайди. Қулоқдан сув кирса ҳам, қулоқни ковласа ҳам рўзаси очилмайди. Аммо бу каби ишларни қилмаган маъқул.

12. Балғам ёки мишиқнинг кириш ёки чиқиши билан ҳам рўза очилмайди.

13. Бир одам ўз ихтиёридан ташқари ҳолда мажбур бўлиб қусса ҳам рўзаси очилмайди.

14. Тишлар орасида қолган нўхатдан кичик нарсани ейиш ҳам рўзани очмайди.

15. Жунуб ҳолда юрилса ҳам рўза очилмайди.

16. Мускулга, тери остига укол қилиш билан ҳам рўза очилмайди.

Ҳанафий уламолар рўзадор киши учун макруҳ бўлган ишларни ҳам санаб ўтганлар:

1. Узрсиз бирор нарсани татиб кўриш ва чайнаш.

Чунки бунга ўхшаш нарсалар рўзанинг бузилишига олиб бориши мумкин.

2. Сақич чайнаш.

Бу ишни қилган одамни кўрганлар оғзи очиқ деб ўйлайдилар.

3. Қучоқлашиш, ўпиш ва ушлаш каби шаҳватни қўзғайдиган ишлар.

4. Қасд билан тупукни оғизда тўплаш ва уни ютиш.

5. Рўзадорнинг заифлашишига олиб борадиган қон олдириш каби ишларни қилиш.

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди

Рўзани бузмайдиган нарсалар
25 Март, 2023 йил | 196