ТИЛЛА ВА КУМУШНИНГ ЗАКОТИ

Тилланинг нисоби йигирма мисқол, кумушники икки юз дирҳам. Ўнта дирҳамнинг вазни етти мисқолдир. Хоҳ ишланган бўлсин, хоҳ ёмби бўлсин, қирқдан бирини бериш фарздир. Нисобга зиёда бўлган ҳар бешдан бирдан ҳисоби ила чиқарилади. (Тилланинг аралашган нарсадан) ғолиблиги эътиборга олинади. Агар аралаштирилган нарса ғолиб бўлса, (тилланинг) қиймати аниқланади (ва закоти чиқарилади).

Айтиб ўтилган нарсалардан бошқада закот фарз бўлмайди. Агар тижорат ниятида бўлса, фарз бўлади. Мерос йўлидан бошқа йўл билан уларга молик бўлган вақтда унинг (тижорат молининг) қиймати икки пул бирлиги(тилла ва кумуш)дан фақирларга манфаатлироқ бўлган нисобга етса, фарз бўлади («Кифоя»дан)

Кумуш танга пулдан фарз бўладиган закот миқдори ўндан бирнинг тўртдан бири, бугунги кун истилоҳи билан айтилганда икки ярим фоизи экан. Жумладаги «қирқдан бири» ибораси матнда «ўндан бирининг тўртдан бири» деб айтилган, чунки араб тилида «қирқдан бир» деган ифода йўқ. Демак, кимнинг кумуш тангалари нисобга етса, икки ярим фоизини закот қилиб чиқариши керак бўлади.

Бир юз тўқсон танга кумуш пулга закот фарз бўлмайди. Аммо эгаси ўз ихтиёри билан закот бермоқчи бўлса, жоиз.

Кумуш танга пулнинг нисоби беш увқия. Бир увқия қирқ дирҳамга тенг. Уни бешга кўпайтирсак, икки юз дирҳам бўлади. Икки юз дирҳам кумуш пул нисобга етган бўлади.

Тилла пулнинг йигирма динордан озида закот фарз бўлмайди, чунки тилла пулнинг нисоби йигирма динордир.

Тилла пул ҳам нисобга етганидан кейин бир йил ўтсагина, закот фарз бўлади. Бир йилдан оз миқдорда нисобдан кам бўлиб қолса, закот фарз бўлмайди.

Йигирма динор тилла пулдан ярим динор закот берилади.

Нисобдан ортиқ пулдан нисбатига қараб икки ярим фоизи закотга чиқарилаверади.

"Мўминнинг нажоти" китобидан

ТИЛЛА ВА КУМУШНИНГ ЗАКОТИ
8 Апрель, 2023 йил | 264