ТИЛЛА-КУМУШ БУЮМЛАР, ИДИШЛАР ВА ТАҚИНЧОҚЛАРНИНГ ЗАКОТИ

Ушбу масалада фиқҳий мазҳаблар иккига бўлинишган:

1. Ҳанафий мазҳаби: «Аёлларнинг тақинчоқларидан закот чиқарилади», деган.

2. Моликий, шофеъий ва ҳанбалий мазҳаблари: «Аёлларнинг одатдаги тилла ва кумуш тақинчоқларидан закот чиқариш фарз эмас», деган.

Ҳанафий уламоларимиз тилла-кумуш буюмлар, идишлар ва тақинчоқлардан закот бериш борасида қуйидаги фикрларни айтишган:

1. Тилла ва кумушдан ясалган турли буюмлар, идишлар учун закот бериш фарздир. Аввало, Ислом бу нарсаларни исрофгарчилик, манманлик ҳамда камбағалларнинг кўнгли чўкишига сабаб бўлгани учун ҳаром қилган. Мусулмон одам мазкур нарсаларни уйида сақламагани маъқул. Аммо ким ушбу қоидага риоя қилмай, уларни ўзига мулк қилиб олган бўлса, ўша нарсаларнинг ўзи ёки бошқа мулк билан қўшилганда нисобга етса, закот бериши фарз бўлади.

Уламоларимиздан баъзилари: «Бундай идиш ва буюмларнинг нисобга етганини аниқлаш учун уларнинг оғирлиги эътиборга олинади, агар 85 граммга етса, нисобга етган бўлади», деганлар. Баъзилари эса: «Қиймати эътиборга олинади, чунки бу нарсалар санъат асари сифатида баҳоси яна ҳам ортган бўлади», дейишади.

2. Эркак кишиларнинг тилла ва кумуш тақинчоқларидан ҳам закот олинади. Эркак кишига шариатимизда битта кумуш узук тақишга рухсат берилган. Лекин шундай бўлса ҳам, ўша нарсалардан тақинчоғи бўлса, уни тақиш ёки тақмаслигидан қатъи назар, ўзига мулк бўлиб тургани учун закот беради. Уни бошқа мулкларга қўшиб нисоб ҳисобига киритади. Бу нарсаларнинг ҳаммаси ўсиши керак бўлган молни ўлик мол қилиб қўйиш ҳисобланади ва Исломда қораланади. Зарурат учун, кишининг соғлиғи учун қилинган тилла ва кумуш нарсалар, масалан, тиш, бурун ва шунга ўхшашлардан закот берилмайди.

3. Маржон, лаъл, зумрад, олмос, ёқут каби нарсалардан закот берилмайди. Чунки бу нарсалар ўсмайдиган мол ҳисобланади. Фақат аёлларнинг зебу-зийнати шаклида ишлатилади.

4. Тилла ва кумуш тақинчоқлар тақиш учун эмас, пулни банд қилиш учун, жамғарма қилиш учун, сотиб-фойда кўриш учун олиб қўйилган бўлса, улардан закот бериш вожиб бўлади. Агар шундай қилинмаса, одамлар закот беришдан қочиб, пулига тилла ва кумуш тақинчоқлар олиб қўйишга ўтади. Қолаверса, бундай тақинчоқлар аёлларнинг ҳожати учун эмас, пулни ушлаб ва унинг фойдасини олиш учун жамғарилган бўлади.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Мўминнинг нажоти китобидан)

ТИЛЛА-КУМУШ БУЮМЛАР, ИДИШЛАР ВА ТАҚИНЧОҚЛАРНИНГ ЗАКОТИ
11 Апрель, 2023 йил | 198