«Мурувват карвони» хайрия тадбири Зангиота зиёратгоҳида ўтказилди

Бугун, 21 декабрь куни «Вақф» хайрия жамоат фонди томонидан “Мурувват карвони” хайрия тадбирининг навбатдаги моддий ёрдамлари Тошкент вилоятига етказилди. Хайрия маросими Зангиота туманидаги "Зангиота" зиёратгоҳида бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари иштирок этиб, муҳтарам Юртбошимиз томонларидан "Вақф" хайрия жамоат фонди ташкил этилгани, ўтган давр мобайнида Фонд томонидан масжид-мадрасаларни моддий-техник базасини яхшилаш, имом-хатибларни қўллаб-қувватлаш ва ёрдамга муҳтож оилаларни ижтимоий ҳимоя қилиш борасида жуда катта ишлар амалга оширилганини билдирдилар. "Мурувват карвони" хайрия тадбири бутун республикамизнинг барча ҳудудларида бўлиб ўтганини муфтий ҳазратлари сўзлаб бердилар. 

 

Тошкент вилоятида ўтказилган хайрия тадбирида 100 дан ортиқ ёрдамга муҳтож кишилар иштирок этди. Кам таъминланган оилаларга зарурий буюмлар, озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечаклар тарқатилди. Бундан ташқари масжидларга диний-маърифий мавзудаги китоблар, аудиокитоблар ҳам топширилди.

 

Шунингдек, ногиронлиги бўлган 20 нафар фуқарога ногиронлик аравачалари топширилди.

 

Маълумот учун, “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан Тошкент вилоятида истиқомат қилувчи имконияти чекланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар ҳамда масжидларни қўллаб-қувватлаш мақсадида жами 106 миллион сўмлик товар-моддий бойликлар беғараз тарқатилди.

 

 

"Вақф" хайрия жамоат фонди Матбуот хизмати

22 Декабрь