ПОДШОҲ САЛМОН КЎМАК ВА ХАЙРИЯ ИШЛАРИ МАРКАЗИ ДЕЛЕГАЦИЯСИ “ВАҚФ”ДА

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фонди раҳбарияти Саудия Арабистони Подшоҳлигининг Подшоҳ Салмон кўмак ва хайрия ишлари маркази делегациясини қабул қилди. Учрашувда марказ ходимлари Носир Ас-Субаий ва Юсуф Абдуллоҳ, фонд бошқаруви раҳбари Исохон Абдуллаев, раҳбар ўринбосари Жаҳонгир Саламов ва халқаро алоқаларни ривожлантириш бўйича мутахассис Миржалол Қосимов иштирок этди.

Учрашув давомида И.Абдуллаев меҳмонларга фонднинг бугунги кунда олиб бораётган ишлари, унинг имкониятлари ва тасарруфидаги мулклар ҳамда амалга оширилаётган хайрия ишлари ҳақида таништириб ўтди. Ҳазрати Имом мажмуасида сақланаётган, “Вақф” хайрия жамоат фонди тасарруфида бўлган “Усмон Мусҳафи” ҳақида гапириб, унинг тарихий аҳамиятига тўхталиб ўтди. Меҳмонлар катта қизиқиш билдириб, Мусҳафи шарифни кўриш учун Ҳазрати Имом мажмуасига боришини таъкидлади.

Ўз навбатида Носир Ас-Субаий Подшоҳ Салмон маркази ҳозирда 20 дан ортиқ давлатлар билан фаол хайрия ишларини амалга ошириб келаётганини таъкидлаб, Ўзбекистон билан ҳам бу йўналишда ҳамкорлик ўрнатилишидан умидвор эканлигини қайд этиб ўтди. Хусусан, “Вақф” билан ҳамкорлик доирасида асосан озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш марказ томонидан режалаштирилганлигини айтиб ўтди. Шунингдек, меҳмонлар “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан тақдим этилган ногиронларни қўллаб-қувватлаш, кам таъминланган оилаларга ёрдам кўрсатиш, илмга кўмак, қудуқ қазиб аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, қўлёзмаларни ўрганиш ва тадқиқ этиш каби лойиҳалар билан танишиб, мазкур йўналишларда ҳам ҳамкорликни йўлга қўйиш истагини билдирди.

Ташриф давомида меҳмонлар фонд базасида ҳам бўлишиб, хайрия юклари, озиқ-овқат маҳсулотларининг сақланиши, тарқатилиш жараёнини ҳам кўздан кечиришди.

ПОДШОҲ САЛМОН КЎМАК ВА ХАЙРИЯ ИШЛАРИ МАРКАЗИ ДЕЛЕГАЦИЯСИ “ВАҚФ”ДА
24 Декабрь, 2024 йил | 8