Ўзбекистон Саудия Арабистони Подшоҳлиги билан кўплаб соҳаларда ҳамкорлик қилиб келади. Сўнгги йилларда бу давлат билан хайрия йўналишидаги алоқалар янада ривожланмоқда. Подшоҳлик ҳар йили Рамазон ойида Ўзбекистондаги эҳтиёжманд оилалар учун хурмо меваси, озиқ-овқат маҳсулотлари хайрия қилиб келади. Яқинда Саудия мамлакатимиз аҳолиси учун яна 25 тонна хурмо мевасини ҳадя қилди.
Саудия Арабистонининг Ўзбекистондаги элчихонасида мазкур хайрия маҳсулотларини Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фондига топшириш маросими бўлиб ўтди. Унда Саудия Арабистонининг мамлакатимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Юсуф ибн Солиҳ ал-Гаҳра ал-Утайбий, Подшоҳ Салмон кўмак ва хайрия ишлари маркази вакиллари Муҳаммад Ат-Тавян ва Саъд ал-Мосс, элчихона консуллик бўлими бошлиғи Саттам ал Утайбий, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков, “Вақф” хайрия жамоат фонди раҳбари вазифасини бажарувчи Жаҳонгир Саламов ва бошқалар иштирок этди.
Элчи жаноблари муборак Рамазон ойида кам таъминланган, эҳтиёжманд оилалар, ўзгалар парваришига муҳтож инсонлар кўнглини олиш, уларга моддий-маънавий ёрдам кўрсатиш катта савобли амаллардан эканлигини таъкидлаб ўтди. Бу эзгу ишда Саудия Арабистони, хусусан элчихона ходимлари ҳам фаол иштирок этаётганидан мамнун эканлигини билдирди.
Айни пайтда хурмо мевасини тарқатиш ишлари бошланди. Рамазон ойи учун хуштаъм мева ҳисобланмиш хурмо тез фурсатларда республикамиз бўйлаб ўз манзилларига етказилади, кўплаб оилалар ундан баҳраманд бўлишади.