“Саховат карвони” бир ярим минг оилага совға улашади

Мана, файзу барака ойи бўлган Рамазон кунлари ўтиб бормоқда. Бу кунларни ғанимат билган кишилар баданий ибодатлар билан бир қаторда хайрия ишларини ҳам кўпроқ бажаришга жидду жаҳд қиладилар.

Зеро, Ислом – меҳр-мурувват дини. Инсонларга моддий кўмак бериш, уларнинг оғирини енгил қилиш, қалбларига хурсандчилик киритишга дини мубинимизда тарғиб этилади. Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Модомики бир банда ўз биродарига ёрдам беришга уринар экан, Аллоҳ таоло ўша бандасига ёрдам беради”, деганлар.

Муҳтарам Юртбошимиз ташаббуслари билан ташкил этилган “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан халқимизнинг оғирини енгил қилиш, муаммоларини бироз бўлсада аритиш, дилларига хушнудлик олиб кириш мақсадида кўплаб хайрия ишлари олиб барилаётганидан хабарингиз бор.

Ана шундай хайрия ишларини фазилатли айёмларда янада кенгайтириш мақсадида, “Вақф” хайрия жамоат фонди ўзининг янги “Саховат карвони” номли республикамиз бўйлаб кенг кўламли хайрия тадбирларини бошлади.

16 май куни “Вақф” фонди томонидан тайёрланган 251 миллион сўмлик Рамазон туҳфалари ортилган 14 та катта юк автомашинаси республикамизнинг 14 та ҳудудига йўл олди. Хайриялар ортилган “Саховат карвони” ўлкамизнинг ўн тўрт ҳудуди бўйлаб сафарга чиқиб, унда бир ярим мингдан зиёд муҳтож оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари жамланмаларини Рамазон кунларида тарқатади. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари ва Фонд раҳбари Искандар Халилов “Саховат карвони”нинг сафари олдидан дуои хайр қилдилар. 

Айни фазилатли айёмларда сахий, қўли очиқ кишилар меҳр-мурувват кўрсатиш билан қалби ўксик кишилар дилларига қувонч бағишлаш катта савобли иш экани алоҳида таъкидланди.

 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 

“Вақф” хайрия жамоат фонди Матбуот хизмати

17 Май