Таги пуч иддаолар

24 июнь куни ижтимоий тармоқларда “Вақф” хайрия жамоат фонди Тошкент шаҳридаги “Бароқхон” мадрасасидаги ҳунармандларни ҳайдаб чиқармоқда, деган мазмундаги усталар билан уюштирилган видео-суҳбат тарқатилди. Уни кўриб чиқиш натижасида, Фонд ва “Бароқхон” мадрасасида ишлаётган ҳунармандлар ўртасидаги муносабатларга бирёқлама ёндошилгани аён бўлди. Ушбу суҳбатга Фонд ходимлари ҳам Маданий мерос инспекцияси мутахассислари ҳам жалб этилмаган.

Асл воқелик қандай эканини мухтасар баён қиламиз.

“Бароқхон” мадрасаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 28 августдаги 708-ф-сонли Фармойишига мувофиқ, 2019 йил 13 июнда 6126/05-19-сонли шартнома асосида “Вақф” фондига бириктирилди. Шартноманинг 4.6-бандида “балансда сақловчи” Тошкент шаҳар Маданий мерос инспекцияси “Бароқхон” мадрасасини “Вақф” фондига топширилиши алоҳида қайд этилган.

Ушбу муносабат билан жорий йилнинг 20 июнь куни Маданий мерос инспекцияси томонидан мадраса хоналаридан норасмий фойдаланиб келаётган уста-ҳунармандларга 24 июнь кунига қадар барча хоналарни Инспекция ходимига топшириш бўйича расмий огоҳлантириш хатини йўлланган. 

Эътиборли жиҳати шуки, мазкур жараёнларда “Вақф” фондининг бевосита иштироки мавжуд эмас. Шунингдек, барча ишлар қонуний тартиб-қоидалар асосида амалга оширилган. Ўз навбатида айтиш керакки, юртимизда азалдан тараққий этиб келган миллий ҳунармандчилик анаъналарини ҳурмат қилган ҳолда ушбу жойда меҳнат қилаётган усталарга муносиб жой ҳозирланиши ҳам кўзда тутилган.

Келгусида “Вақф” фонди "Бароқхон" мадрасасидан вақф мулки сифатида ва унинг асл мақсад-вазифаларига мос шаклда аҳолимиз учун зарур бўлган Қуръони карим қироатини ўргатиш каби ўқув курсларни ташкил этиш ҳамда юртимиздан етишиб чиққан улуғ алломалар, дунё тан олган муфтийлар, дин пешволарининг илмий меросларини намойиш қилиш режалаштирилган.

Бундан ташқари, Фонд мақсадларига мос тарзда ўқув курсларида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг фарзандларига бепул ўқув курслари ташкил этиш ҳам кўзда тутилмоқда.

Баён этилганлардан хулоса қилиш мумкинки, ижтимоий тармоқларда баҳс қилинаётган уста-ҳунармандлар билан юзага келган муносабатлар бирёқлама бўлиб, “Вақф” фондига бевосита тегишли эмас, шунингдек, мадрасани Фондга бириктирилиши ҳам тўла қонуний асосга эгадир.

 

“Вақф” фонди матбуот хизмати

25 Июнь