Мотуридия таълимоти – жаҳолатга қарши маърифат курашидир
 
Мотуридия таълимоти – жаҳолатга қарши маърифат курашидир
 

Самарқанд шаҳрида 3 март куни “Имом Абу Мансур Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзусида халқаро конференция ўз ишини бошлади.

Ўзбекистон – дунё цивилизацияси ва ислом равнақига улкан ҳисса қўшган улуғ алломалар, азиз-авлиёлар юрти. Ушбу ҳақиқатни кейинги йилларда аждодларимизнинг бебаҳо меросини илмий асосда чуқур ўрганиш, миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш ва янада ривожлантириш, юксак инсоний ғоялар ва муқаддас қадриятларимизни ўзида ифода этган манбаларни тизимли асосда тадқиқ этиш, улардан диний таълим, маънавий-ахлоқий тарбия ишларида самарали фойдаланиш, дарслик ва ўқув қўлланмалар, оммабоп нашрлар, илмий-амалий тавсиялар тайёрлаш юзасидан амалга оширилаётган ишларда ҳам кўриш мумкин.

Бу каби амалий ишлар Ўзбекистоннинг дунё ҳамжамиятидаги нуфузини янада ошириш, ёш авлодни миллий қадриятларга ҳурмат, Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялашда муҳим ўрин тутади.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Фанлар академияси ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар томонидан Мисрдаги Ал-Азҳар мажмуаси билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур халқаро конференция ҳам ушбу йўналишдаги ишларнинг амалий ифодасидир.

Ушбу халқаро анжуманда иштирок этиш учун юртимизга Мисрнинг Ал-Азҳар мажмуаси раҳбари, ушбу давлат бош имоми Шайх Аҳмад Таййиб бошчилигидаги делегация, шунингдек, Босния ва Герцеговина, Германия, Иордания, Индонезия, Малайзия, Покистон, Россия, Туркия, Украина, Швейцария, Қирғизистон ва Қозоғистон каби мамлакатлардан 70 га яқин уламо, исломшунос олим, нуфузли таълим муассасалари ҳамда илмий-тадқиқот марказлари раҳбарлари ташриф буюрди.

Конференциянинг ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Р.Қосимов, Ўзбекистон Ресупубликаси Бош вазири ўринбосари А.Абдуҳакимов, Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов ва бошқалар янгиланаётган Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида барча соҳаларда амалга оширилаётган ва таг замирида халқимизни рози қилиш мақсади мужассам бўлган ислоҳотлар диний-маърифий соҳада ҳам ўз аксини топаётганини таъкидлади. Бу янгиланиш ва ўзгаришлар халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилиб, ижобий баҳоланмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 73-сессиясида “Маърифат ва диний бағрикенглик” номли махсус резолюцияси қабул қилингани бунинг ёрқин исботидир.

17.JPG

Юртимизда кейинги уч йилда экстремистик ва террористик тузилмаларнинг бузғунчи ғоялари таъсирига тушиб қолган 20 мингдан зиёд фуқаро махсус ҳисобдан чиқарилди. Турли жиноятларни содир этган, лекин хатосини тушуниб етганларни афв этиш юзасидан Президентимизнинг 9 та фармони қабул қилинди ва 4 мингдан ортиқ киши жазони ўташ жойларидан озод этилди. Жаслиқда жойлашган жазони ўташ муассасаси бутунлай тугатилгани ҳам инсонпарварлик сиёсатининг амалий ифодаси дейиш мумкин.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан “Меҳр” ва “Меҳр-2” инсонпарварлик операциялари доирасида Яқин Шарқ минтақасидаги қуролли можаролар давом этаётган ҳудудлардан 261 нафар Ўзбекистон фуқароси юртимизга олиб келинди. Айни пайтда уларни жамиятга интеграциялаштириш жараёнлари давом этмоқда.

Мамлакатимизда миллий ва диний қадриятларни тиклаш, асраб-авайлаш, буюк алломаларнинг бой илмий-маънавий меросини ўрганиш ва тарғиб қилиш, жамиятда диний бағрикенгликни янада мустаҳкамлаш мақсадида ўзига хос амалий механизмлар – Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Имом Бухорий ва Имом Термизий номидаги халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ҳадисшунослик олий мактаби, ҳадис, калом, тасаввуф, ақида, фиқҳ илмий мактаблари фаолияти йўлга қўйилди.

Асосий мақсад, Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Мансур Мотуридий, Абу Муин Насафий каби аллома аждодларимиз меросини илмий ўрганишни янада фаоллаштириш, муқаддас динимизни турли таҳдидлардан ҳимоя қилиш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, ёшларни инсоний қадриятлар руҳида тарбиялашдир.

Диний алломалар билан боғлиқ зиёратгоҳларни ободонлаштиришга катта эътибор қаратилаётгани халқимизга хос азалий анъаналарни ифода этади. Жумладан, Бухорода Етти пир, Қаршида Абу Муин Насафий, Термизда Султон Саодат ва бошқа қадамжолар таъмирланиб, уларга келаётган маҳаллий ва хорижий меҳмонлар учун қулай шароитлар яратилди. Ўзбекистон тарихида илк бор халқаро “Зиёрат туризми” форуми ҳамда “Нақшбандий туризм фестивали 2019” халқаро тадбири ташкил этилгани қувонарли, албатта.

Ўзбекистоннинг ислом цивилизациясидаги алоҳида ўрни ҳамда мамлакатимизда амалга оширилаётган диний-маърифий соҳага оид ислоҳотларнинг эътирофи сифатида Фан, таълим ва маданият масалалари бўйича ислом ташкилоти – АЙСЕСКО томонидан Бухоро шаҳри “2020 йилда ислом маданияти пойтахти” деб эълон қилинди. Шу муносабат билан мамлакатимизда қатор халқаро анжуманлар, кўргазмалар, тақдимотлар ва бошқа маданий-маърифий тадбирлар ўтказилиши режалаштирилмоқда.

29.JPG

Ўзбекистонда 2020 йил “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб номланди. Эндиликда бу борада қилинадиган ишлар кўп асрлик ибратли анъаналаримизни янги босқичга олиб чиқишда дастуриламал бўлади. Зеро, илму маърифат асосий бойликдир. Илмга асосланган тараққиёт эса бугун “рақамли иқтисодиёт” билан узвийликни талаб этмоқда.

Ялпи мажлисда Мисрнинг Ал-Азҳар мажмуаси раҳбари Шайх Аҳмад Таййиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов Имом Абу Мансур Мотуридий диний-маърифий меросини чуқур ўрганиш, унинг муқаддас динимиз мусаффолигини ҳимоя қилиш йўлидаги кураши, мусулмон одоб-ахлоқ қоидаларини, жумладан, мўътадиллик, кечиримлилик, ҳамжиҳатлик ва ўзаро тушуниб яшашга интилишдек олижаноб фазилатларни асраб-авайлаш, халқаро жамоатчиликка етказишда бирлашиш лозимлигини таъкидлади.

“Ҳидоятга бошловчи имом” ва яна қатор улуғ сифатлар билан тарихга кирган, жаҳолатга қарши маърифат воситасида курашган буюк теолог Абу Мансур Мотуридийнинг ибратли ҳаёти, бой илмий меросини ўрганишга бағишланган халқаро анжуман ислом динининг асл қадриятларини асраб-авайлаш ҳамда мусулмон давлатлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши қайд этилди.

Анжуманда Ўзбекистон ва Миср ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, юртимиздан етишиб чиққан улуғ алломалар илмий-маънавий меросини ўрганиш ва тарғиб этишга қўшган муносиб ҳиссаси учун Мисрнинг Ал-Азҳар мажмуаси раҳбари Шайх Аҳмад Таййибга Самарқанд шаҳрининг фахрий фуқароси унвони берилди.

Шайх Аҳмад Таййиб жаноблари муқаддас Самарқанд шаҳрининг фахрий фуқароси бўлиш юксак шараф эканлигини таъкидлаб, кўрсатилган юксак ҳурмат ва эътибор учун Ўзбекистон Президентига миннатдорлик билдирди.

Ялпи мажлис давомида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, диний-маърифий соҳани ривожлантириш, ислом дини тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган буюк алломаларимиз ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш, улар қолдирган бебаҳо мероснинг мазмун-моҳияти, аҳамиятини тарғиб этишга бағишланган видеолавҳа намойиш этилди.

Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғафур Аҳмедов, Эътиборли уламолар кенгаши бош котиби, профессор Абдуллоҳ Абдулғани Сархан, Мусулмон донишмандлари кенгаши бош котиби Султон Файсал Румайсий, Ал-Азҳар мажмуаси раҳбари маслаҳатчиси Абдураҳмон Муса, Ал-Азҳар Ислом тадқиқотлари академияси бош котиби доктор Назир Муҳаммад Айяднинг маърузалари тингланди.

25.JPG

Сўзга чиққанлар мазкур анжуман Аллоҳ улуғлаган ражаб ойида, тарихи буюк юртимизнинг бетакрор замини, жаҳон маданияти, хусусан, ислом дини тараққиётига улкан ҳисса қўшган Самарқандда ўтаётгани ўзига хос рамзий маънога эга эканини таъкидлади. Мотуридийликнинг башарият цивилизациясидаги ўрни, Ал-Азҳар мажмуасининг ислом мероси ва аҳли сунна эътиқодини сақлаш, тинчлик ва бағрикенгликни қўллаб-қувватлашга қаратилган фаолияти ва саъй-ҳаракатлари хусусидаги маърузалар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.

– 2007 йилдан буён Мотуридийнинг тафсир китоблари бўйича илмий изланишлар, тадқиқотлар олиб бора бошладим, – дейди Туркия ислом илмлари академияси раҳбари Аҳмад Саъд Даманҳурий. – Шундан буён фаолиятимни тўлиқ шу мавзуга бағишладим, бу улуғ аллома тўғрисида кенгроқ маълумот тўплашга киришдим. Изланишларим натижасида 200 бетлик “Саддус-суғур би сийрати аламий Ҳуда Абу Мансур” китобини ёздим. Бу асар Мотуридий шахсига доир айрим тушунмовчиликларни баратараф этиш, буюк имомнинг улкан хизматларини маълум маънода эътироф этилишига эришишга қаратилган. Мазкур анжуманда шу ва бошқа масалалар юзасидан фикрлашиб олиш имконияти туғилганидан хурсандман.

– Ислом динини мотуридия таълимотисиз тасаввур қилиш қийин. Айниқса, глобаллашув жараёнлари кучайган ҳозирги шароитда Имом Мотуридийнинг бундан бир неча асрлар олдин айтган фикрлари, муқаддас динимиз софлигини асраш бўйича илгари сурган қарашлари муҳим аҳамиятга эга, – дейди Қозон шаҳридаги Россия ислом университети ректори Рафиқ Муҳаметшин. – Бизнинг университетимизда ҳам бу улуғ имом асарларини таржима қилиш ва ўрганишга алоҳида эътибор қаратилади. Бу борада Ўзбекистон халқаро ислом академияси ва бошқа диний таълим муассасалари, илмий марказлар билан яқин ҳамкорликда ишлаймиз. Умуман, азалдан Татаристондаги дин соҳаси вакиллари, уламолар ўзимиздаги мадрасаларда ўқиган бўлса-да, кейинчалик Самарқанд ва Бухоро шаҳарларига келиб, ислом дини таълимотини ўрганган, билимларини оширган. Бу анъана бугун ҳам давом этмоқда.

Жамоавий пешин намози ва тушликдан сўнг конференция ўз ишини “Мотуридия таълимоти ва ҳозирги замон” ҳамда “Замонавий давлат шароитида диний қадриятларни асраб-авайлаш ва ривожлантириш” шўъбаларида давом эттирди.

Шўъба мажлисларида Имом Абу Мансур Мотуридий шахси ва ақидавий қарашлари, мотуридийликнинг мафкуравий асоси, мотуридия калом мактабига оид янги манбалар, аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда Имом Мотуридий қарашларининг аҳамияти, кибермакондаги радикаллашув жараёнлари каби мавзуларда маърузалар тингланди.

Конференциянинг юқори мартабали меҳмони – Ал-Азҳар мажмуаси раҳбари, Миср Бош имоми Шайх Аҳмад Таййиб Самарқанддаги Имом Мотуридий ва Имом Бухорий мажмуаларини зиёрат қилди. Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ҳадис илми мактаби фаолияти билан танишди.

Анжуман 4 март куни ўз ишини давом эттиради.

4 Март, 2020 йил | 1006