Муфтий ҳазратлари сирдарёликларга инсонпарварлик ёрдамини етказдилар

Бугун, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов куни кеча 1 май куни Сирдарё вилоятида юзага келган фавқулодда ҳолат оқибатида азият чеккан юртдошларимизни қўллаб-қувватлаш мақсадида, инсонпарварлик юклари ортилган иккита юк мошинаси билан ушбу вилоятга етиб бордилар.
Ушбу сафарда “Вақф” хайрия жамоат фонди раҳбари Искандар Халилов, Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Нуриддин Холиқназаров ва Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайруллоҳ Турматов ҳамроҳлик қилмоқда.
Сафарнинг аввалида Сирдарё вилояти Гулистон шаҳридаги “Гулистон” жоме масжидида уламоларимиз томонларидан мазкур нохуш ҳодисанинг салбий оқибатларини Аллоҳ таборака ва таолодан бартараф этишини сўраб, Қуръони карим оятларидан тиловат ўқилиб, муборак Рамазон кунларида дуою илтижолар қилинди.
Шунингдек, бир бош қорамол сўйилиб, кам таъминланган оилалар, ёрдамга муҳтож кишилар, етим-есирлар ва дуоси мустажоб инсонларга тарқатилди.
Маълум қилинишича, “Вақф” хайрия жамғармаси ҳисобидан юборилаётган мазкур инсонпарварлик ёрдамининг умумий ҳажми 30 миллион сўмдан зиёд бўлиб, унинг таркибида озиқ-овқат маҳсулотлари – 20 қоп ун, 9 қоп шакар, 5 литрлик 150 дона ўсимлик ёғи, бир неча қути чой каби биринчи эҳтиёж учун зарур бошқа маҳсулотлар мавжуд.
Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари бошчиликларидаги уламолар дастлаб, Гулистон шаҳридаги юридик коллежига ташриф буюрдилар. У ерга вақтинча жойлаштирилган аҳоли вакиллари билан мулоқот қилиб, бундай синовли кунларда муҳтарам Президентимиз таъкидлаганларидек, биронта хонадон, биронта одам эътиборсиз қолмаслигини билдирдилар.
Мана шундай машаққатли шароитда энг асосийси саросимага тушмасдан, елкама-елка туриб, саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ва бошга келган ташвишни сабр-матонат билан енгиш ўта муҳим экани таъкидланди.
Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари муборак Ислом динимизда мана шундай машаққатли кунларда сабр қилишга улуғ ажрлар ваъда қилингани, бундай синовларни тезроқ ўтиб кетишига умид боғлашга чақирилганини сўзлаб, Ҳақ таборака ва таолодан ушбу нохуш воқеанинг салбий оқибатларидан паноҳ сўраб, Яратган Парвардигорга дуо қилдилар.

Шунингдек, аҳоли вакилларига "Вақф" фонди томонидан етказилган инсонпарварлик ёрдамлари топширилди.

Сафар давом этмоқда.

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

2 Май, 2020 йил | 900