9 май — Хотира ва қадрлаш кунини оила даврасида нишонлаш тавсия етилд

Республика махсус комиссияси айрим фуқаролар ва жамоат ташкилотлари томонидан 9 май — Хотира ва қадрлаш кунида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ёши улуғ фахрийларимизни ушбу байрам муносабати билан табриклаш ва уларнинг ҳолидан хабар олиш юзасидан берилаётган кўплаб саволлари бўйича қуйидагиларни маълум килади:

Бугунги кунда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо ва бошқа кўплаб хорижий мамлакатлар томонидан 9 май куни байрам тадбирлари ўтказишда фуқароларнинг жамоат жойларида тўпланиши бўйича қатъий чекловлар қўлланилаётганлиги, шунингдек, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига асосан коронавирус инфексияси билан касалланиш ёши катталарда оғир кечишини инобатга олиб,

- ҳудудларда "яшил", "сариқ" ва "қизил" тоифаларга ажратган ҳолда табақалаштирилган карантин чекловларидан қатъий назар,

- барча ҳудудларда 9 май — Хотира ва қадрлаш кунида оммавий тадбирларни ўтказиш ҳамда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ёши улуғ фахрийларнинг ҳолидан хабар олиш ТAҚИҚЛAНAДИ ва барчамиз учун улуғ ушбу байрамни фақат оила даврасида нишонлаш тавсия етилади.

Таъкидлаш жоизки, иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини байрам муносабати билан табриклаш ва рағбатлантириш тадбирлари санитария талабларига риоя қилган ҳолда давлат ташкилотлари томонидан амалга оширилиши таъминланади.

Бундан ташқари, коронавирус инфексияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида жамоат жойларида ҳаракатланишда, савдо дўконлари ва бошқа жойларда 2 метрлик ижтимоий масофани сақлаш, шунингдек, уч кишидан кўп шахсларнинг тўпланиши бўйича талаблар сақланиб қолганлиги, ушбу талабларни бузганлик учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортилишга сабаб бўлиши мумкин.

uzreport.news

8 Май, 2020 йил | 20