Имом Бухорийнинг “Ат-тарих ал-кабир” асарида саҳобийларга оид маълумотлар

Ҳадис илмида сахобийларнинг ўрни беқиёс бўлиб, улар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини ўзларидан кейин келувчи мусулмонларга етказиб берувчи кишилар, яъни ҳадис исноди занжирининг энг юқорисида турувчилардир. Муҳаддислар саҳобийларни билишга катта эътибор беришган бўлиб, бунинг бир нечта сабаблари мавжуд. Жумладан, саҳобийларнинг барчаси “адолатли” деб эътиқод қилингани сабабли, саҳобий экани аниқ бўлган ровийнинг адолати текширилмайди. Бу ўринда, муҳаддис ровийнинг саҳобийлигини текшириш билан кифояланилади. Шу билан бирга, бошқа табақа вакилларидан фарқли ўлароқ саҳобий бошқа бир саҳобийдан ривоят эшитиб, уни Расулуллоҳсоллаллоҳу алайҳи васалламдан деб айтиб берган бўлса ҳам, унинг ушбу ривояти қабул қилинаверади. Шунингдек, саҳобийларнинг қилган ишлари, айтган сўзлари ва бирор ишга муносабати ҳам ҳадис сифатида қабул қилинади.

Ҳадис илмида саҳобийлар тўғрисида гап кетганда, аввало уларни ҳадис ривоят қилган ва ривоят қилмаган тоифаларига ажратилади. Зеро, манбаларда 100 мингдан ортиқ саҳобийлар мавжудлиги айтилса-да, улар орасида ҳадис ривоят қилганлари 1500 нафардан ортмайди. Бу ҳақда тўхталган Заҳабий, Абу Зуръа Розийдан иқтибос қилиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларида 100 мингдан кўпроқ саҳобийлар бор бўлгани, улар орасидан ҳадис ривоят қилган саҳобийлар сонини Ҳоким Найсобурий 400 та деганини қайд этади.Сўнг ҳадис ривоят қилган саҳобийлар сонини 1500 нафарга яқин эканини таъкидлайди.

Мақолада муҳаддислар султони сифатида танилган Имом Бухорийнинг саҳобийларнинг ҳадис эшитганлигига доир қарашлари унинг “ат-Тарих ал-кабир” асари асосида ёритиб берилади.

Имом Бухорий ҳам бошқа муҳаддислар каби саҳобийларни бошқалардан ажратиб кўрсатишга катта аҳамият қаратган. Муаллифнинг ровийлар тарихи ҳамда ҳадис “иллати”га бағишланган “ат-Тарих ал-кабир” асарида 360 нафар саҳобийни бошқалардан ажратиб кўрсатиш учун бир нечта сўз ва иборалар ишлатилган. Улар орасида ровийнинг саҳобий эканини яққол кўрсатувчи “лаҳу суҳбатун” (суҳбат эгаси) ибораси энг кўп ишлатилган бўлиб, 300 дан ортиқ ўринда қўлланган.

Ровийнинг кимгадир суҳбатдош бўлганини кўрсатувчи “саҳиба” сўзи “соҳибун-Набиййи соллаллоҳу алайҳи васаллам” шаклида 18 ўринда ровийнинг саҳобийлардан эканини кўрсатиш учун келтирилган бўлса, бошқа ўринларда “соҳибу фулан” тарзида ровийнинг қайсидир машҳур кишига ҳамроҳ бўлганини кўрсатиш учун ишлатилган.

Асарда шунингдек, саҳобийларни кўрсатиш мақсадида бошқа бир нечта феъллардан ҳам унумли фойдаланилганини кўриш мумкин. Жумладан, “самиъа” (эшитган) феъли, одатда, ровийнинг ўзи ривоят қилаётган шайхлардан ҳадис эшитганлиги аниқ бўлган ўринларда ишлатилиб, ҳадис иснодининг узлуксизлигини кўрсатади. Маълумки, саҳобий бўлиш учун Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни мусулмон ҳолда кўриб, шу ҳолда вафот этишнинг ўзи кифоя қилади. Аммо, Имом Бухорий саҳобийнинг у зотнинг сўзларини эшитганини алоҳида кўрсатишга эътибор қаратган. Зеро, у зотни кўрган барча саҳобийлар ҳам ҳадис ривоят қилишмаган. Асарни кузатиш давомида ушбу ибора 6 мингдан кўпроқ ўринда зикр этилгани аниқланди. Уларнинг ишлатилиш ўринлари ва мазмуни таҳлил қилинганда баъзи ўринларда ушбу феъл ровийнинг саҳобийлардан эканини кўрсатиш учун ҳам ишлатилгани аниқланди.

Асарнинг бир қанча ўринларида “самиъа” феъли “лаҳу суҳба” (суҳбат эгаси, яъни саҳобий) ибораси билан биргаликда, аксарият ҳолларда эса алоҳида ишлатилган. Масалан, Анас ибн Ҳорис, Бар ибн Абдуллоҳ, Ҳорис Ашъарий, Ҳасан ибн Абу Толиб, Ҳакам ибн Муовия Нумайрий, Ҳакам ибн Муовия, Сулаймон, Салома ибн Қайсар Ҳазрамий, Сукайн Замрий, Шураҳбил ибн Авс, Шураҳбил Жуъфий, Сунобиҳ ибн Аъсар, Абдуллоҳ ибн Сабара, Абдулмалик ибн Аббод ибн Жаъфар, Арфажа ибн Шурайҳ, Молик ибн Рабийъа, Молик ибн Убода, Муовия ибн Ҳайда, Нуъмон ибн Розия, Нуайм ибн Масъуд, Ваҳб ибн Қайс ибн Абон, Ваҳший, Язид ибн Соиб, Язид ибн Асад, Ясор ибн Субаъ, Ибн Фиросий каби 25 нафар ровийларнинг саҳобийлигини тасдиқлаш учун “самиъа” сўзини ишлатган.

Имом Бухорий саҳобийларни кўрсатиш мақсадида “раъа” (кўрмоқ) феълидан ҳам унумли фойдаланган. Имом Бухорий томонидан бирор ровийнинг ўзи ривоят қилаётган ровийни кўрган ҳолда, ундан ривоят эшитмаган бўлиши эҳтимоли бўлган ўринларда ишлатилган ушбу феъл бир неча ўринларда саҳобийларни алоҳида кўрсатиш мақсадида ҳам қўлланган. Жумладан, муаллиф асарда Ҳабиб ибн Фудайк тўғрисида тўхталиб, уни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни кўргани ҳамда “мурсил” (саҳобийдан эшитганини Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитдим, деб ривоят қилувчи) эканини кўрсатилади. Саҳл ибн Саъднинг эса, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни 15 ёшда “кўрган”и тўғрисидаги ривоятни келтирилган. Шу билан бирга, Ибн Шиҳобдан қилинган ривоят ҳам келтирилади. Унда Саҳл 15 ёшда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга “етишган” унинг ўзидан ривоят қилинади. Ушбу ривоятдан келиб чиқиб айтиш мумкинки, баъзида “раъа” сўзи “адрака” билан бир маънода ишлатилган. Асарда яна 5 нафар жами 7 нафар ровийнинг саҳобийлардан эканини кўрсатиш учун “раъа” феъли ишлатилгани аниқланди.

Асарда саҳобийларни кўрсатиш учун “адрака” (етишган, топган) феъли ҳам ишлатилганини кўриш мумкин. Ровийнинг “ўзи етишган” кишини кўргани ёки замондош бўлгани ҳолда, ушбу кишидан ҳадис ривоят қилмаганини кўрсатиш учун ишлатилган ушбу феъл асарда, аксарият ҳолларда, ровийнинг саҳобийлардан эканини таъкидлаш учун ишлатилган. Мисол учун, муаллиф Муҳаммад ибн Ҳотиб Қураший ҳақда: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни ёш болалик чоғида кўрган. Алидан эшитган”, деб, унга тегишли 2 та ривоятни келтиради. Ушбу ривоятларнинг бири Муҳаммад ибн Ҳотибнинг онасидан ўзининг туғилишига оид ривояти бўлса, иккинчиси Абу Исҳоқ Сабийъийнинг Абу Молик Ашжаъийдан қилган ривоятидир. Ушбу ривоятда: “Муҳаммад ибн Ҳотиб билан ўтирган эдим. Шунда у: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Хурмозорлари бўлган ерни кўряпман”, дедилар”. Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Абдураҳмон ибн Абу Бакр Сиддиқ ҳақда: “Бобоси Муҳаммад ибн Абдураҳмоннинг куняси: Абу Атиқ, Қураший. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга етишган”. Бу ерда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга етишган киши, яъни саҳобий унинг бобоси Муҳаммад ибн Абдураҳмон экани кўрсатилган. Маълум бўладики, Муҳаммад ибн Абдураҳмон ибн Абу Бакр Сиддиқ саҳобийдир. Абу Нуайм Мусо ибн Уқбадан келтирган ривоятда, Уқба томонидан саҳобий экани билинмаган 4 кишининг 2 таси сифатида Абдураҳмон ибн Абу Бакр Сиддиқ ва унинг ўғли Муҳаммадлар зикр этилади. Ибн Ҳиббон унинг саҳобий эканига ишора қилади. Асвад ибн Халаф ибн Абд Яғус ҳақда: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга етишган”. Шундан кейин, Муҳаммад ибн Асваднинг отасидан ривоят қилган ҳадисини келтиради. Унда Асвад Фатҳ куни, одамлар байъат бераётган вақтда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ёнига келган, у зотни кўрган. Ушбу ривоятда кишининг саҳобийлардан ҳисобланиши учун етарли бўлган шарт, яъни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни мўмин ҳолда кўриш зикр қилинган. Ушбу ўринда “адрака” феъли “раа” (кўрмоқ) феъли билан биргаликда, синоним сифатида келтирилмоқда. Ибн Қониъ ҳам уни саҳобийлар қаторида зикр этади. Ҳобис ибн Саъд Тоий ҳақда: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга етишган, дейди. Ушбу ровийни Ибн Саъд, Ибн Ҳиббон ва Ибн Ҳажарлар саҳобийлар қаторида зикр этишган. Саид ибн Омир ибн Ҳузайм Жумаҳий ҳақда: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга етишган. Ибн Ҳиббон, Ибн Қониъ, Табароний ва Абу Нуаймлар уни саҳобийлар қаторида зикр этишганини кўриш мумкин. Соиб ибн Ақраъ Сақафий ҳақда: “У саҳобийдир (лаҳу суҳбатун).Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга етишган. Унинг бошини силаганлар”. Ушбу ўринда Имом Бухорий ровийнинг саҳобийлигини алоҳида, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга етишганини алоҳида зикр этмоқда. Ушбу ровий тўғрисида Ибн Абу Ҳотим ҳамда Ибн Ҳиббонлар ҳам тўхталишиб, мазкур ривоятни келтиришган. Сунайн Абу Жамийла ҳақда: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга етишган ва у зот билар ғазотда қатнашган...Абу Жамила Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга етишган ва Фатҳ йили у зот билан бирга ғазотларга чиққан”. Ушбу ровийни Ибн Абу Ҳотим, Ибн Ҳиббон ва Абу Нуаймлар саҳобийлардан дейишган бўлса, Ибн Саъд ва Ижлийлар эса тобеийларнинг табақасида зикр қилишган. Шақиқ ибн Салама ҳақда: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга етишган, аммо у зотдан бирор нарса эшитмаган”. Имом Бухорийдан бошқа муаллифлар ушбу ровийнинг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрмагани ва бирор нарса ривоят қилмаганини келтиришган. Фарқад ҳақида: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга етишган. Айтади: “Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрдим ва у зотнинг дастурхонидан таом едим”. Ибн Абу Ҳотим ҳам ушбу ривоят ҳақида тўхталиб ўтган. Аммо, Фарқадинг ривоятини зикр этмайди. Шу билан бирга Абу Ҳотимнинг ҳам шу фиркда эканини айтади. Молик ибн Зоҳир ҳақда: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга етишган. Ундан Саид ибн Абу Шамр ривоят қилган”. Маҳмуд ибн Рабиъ Хазражий Ансорий ҳақда: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга етишган”. Шундан сўнг, Зуҳрийнинг санад йўли билан ривоят қилинган хабарни келтиради. Имом Бухорий ушбу ривоятни “Саҳиҳ”да ҳам зикр этади. Жумладан, унда Маҳмуд 5 ёшлик вақтида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг юзига бир челакдаги сувдан пуркаганини эслаб қолгани зикр этилган. Ушбу ривоятга асосланган ҳолда Ибн Абу Осим, Ибн Қониъ ва Абу Нуаймлар, Маҳмудни саҳобийлар қаторида зикр этишган. Абу Ҳотим эса, унинг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга етишган вақтида 5 ёшда бўлгани эътиборидан, Маҳмудни “суҳбат” (саҳобийлик) эмас, балки “руъя” (кўришлик) соҳиби сифатида зикр этади. Амр ибн Салама Абу Язид Жармий ҳақда: “Ундан Абу Қулоба ва Айюблар ривоят қилишган. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам замонига етишган”.

Юқоридагилардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Имом Бухорий “ат-Тарих ал-кабир”да саҳобийларни бошқа ровийлардан алоҳида ажратиб кўрсатишга аҳамият берган. Жумладан, “саҳиба” феълидан олинган “соҳиб ан-Набий”, “лаҳу суҳбатун” каби иборалар саҳобийларга нисбатангина ишлатилган. Асарда “самиъа” феъли ровийнинг саҳобийлардан эканини кўрсатиш учун ҳам ишлатилган бўлиб, у саҳобийнинг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни нафақат кўргани, балки у зотнинг сўзларини ҳам эшитганини кўрсатиш мақсадида қўлланган. “Раъа” феъли ровийнинг ўзи ривоят қилаётган шайхни кўрганини ва ундан ҳадис эшитмаган бўлиши мумкинлигини кўрсатиш учун ишлатилган бўлиб, баъзи ўринларда саҳобийликнинг асосий шарти топилганини баён этишда қўлланган. Имом Бухорий “адрака” феълини баъзи ровийларнинг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга етишиб, саҳобийлар сафига кирганини кўрсатиш учун ишлатган бўлса-да, “самиъа”дан кўра паст даражани ифодалайди. Зеро, ушбу феъл саҳобийлигида шубҳа бўлган ёки у зотга етишган бўлса-да, сўзларини эшитмаган ровийга нисбатан ишлатилган.

 

Нўъмонжон ТЎРАЕВ,

Ўзбекистон халқаро ислом академияси докторанти

8 Август, 2020 йил | 102